Ru De En

ПАТРОНАЖ ХИЗМАТИ

замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши сифатида ўз аҳамиятини намоён этмоқда

Соғлиқни сақлаш тизими доимий янгиланиб, такомиллашиб бораётган соҳалардан биридир. Бугунги кунда бу йўналишда яратилаётган илғор технологиялар тиббий таҳлил ишлари сифатини юксалтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятини янада кенгайтирмоқда.

Бироқ, тиббиёт илми ва фани ҳар қанча ривожланмасин, инсонда ўз соғлиғи учун масъуллик ҳисси кучли бўлмаса, тиббиётнинг устувор маса­лалари ечимини топиш, саломатликка таҳдид туғдираётган муаммоларни тўлақонли ҳал этиш мушкул. Айни шу ўринда тиббий патронаж хизматининг ўрни яққол намоён бўлади.

Патронаж хизмати тарихи анча олис замонларга бориб тақалади. Бу соҳа алоҳида меҳр-эътибор, кўмак, парва­риш, ғамхўрликка муҳтож инсонлар, хусусан, кексалар, беморларга ёрдам кўрсатиш зарурати туфайли юзага кел­ган. Ҳозирги кунда ҳам дунёнинг қатор давлатларида ижтимоий патронаж хиз­мати кўрсатиш даражаси юксак чўққига чиққан.

Мамлакатимизда ҳам бу соҳа ав­валдан мавжуд бўлиб, бу йўналишда бугунги кунда ҳам самарали фаолият кўрсатилмоқда. Аммо, биз сўз бўлган мавзу - бу тиббий патронаж соҳаси бўлиб, бу замонавий тиббиётнинг долзарб ва муҳим йўналиши сифати­да инсон саломатлигини асрашда ўз аҳамиятини яққол намоён этмоқда.

Мамлакатимиз тиббий патронаж хизмати мустақиллик йилларида му­каммал тизим сифатида шаклланган ва давлатимизнинг доимий эътибо­ри туфайли кундан кунга ривожла­ниб бораётган соҳалардан биридир. Бугунги кунда юртимизда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, уч юз етмишдан зиёд оилавий поликлиника­лар бу йўналишда халқимизга хизмат кўрсатмоқда. Тизимда етти мингга яқин умумий амалиёт врачлари, ўн етти минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари, яъни патронаж ҳамширалар эл саломат­лиги йўлида иш олиб бормоқда.

Ушбу рақамлардан кўриниб ту­рибдики, аҳоли тиббий патронажи соҳасида ўрта тиббиёт ходимлари­нинг салмоғи анча юқори. Бу хизмат шундай ташкил этилганки, бу жара­ёнда ҳатто юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги оилаларни ҳам тўлиқ қамраб олиш устувор вазифа этиб бел­гиланган. Ҳар бир патронаж ҳамширага ҳудуднинг жўғрофий жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, муайян контин­гент бириктирилган. Улар зиммалари­га юкланган вазифани тўла адо этиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Масалан, ҳамшираларга патронаж сумкалари тақдим этилган. Улар­да тиббий кўрикни ташкил этишда қўлланиладиган бир қатор таҳлил во­ситалари бор. Масалан, қон босимини ўлчайдиган, ҳароратни текширадиган, боланинг ўсиш-ривожланишини куза­тадиган воситалар, олис қишлоқларда аҳоли хонадонига қатновни амалга ошириш учун ҳамшираларга велоси­пед олиб бериляпти. Албатта, соҳа му­тахассислари ҳам бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, эл соғлиғи, она-бола саломатлиги борасида сезиларли натижаларга эришмоқда. Буларнинг са­марасида тиббиёт тизими зиммасига юкланган бир қатор муҳим вазифалар муваффақиятли адо этилаётгани барча­мизни қувонтиради.

 

Масалан, мамлакатимизда кей­инги беш йил ичида ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган бо­лалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривож­ланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Келажак авлод камолотини ўйлаб олиб борилаётган ана шундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг жисмоний камолотида ҳам ўзининг амалий ифода­сини топмоқда. Масалан, 94,2 фоиз бо­лаларимиз бўй кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Албат­та, бу ютуқлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида узоқни кўзлаб юритилган оқилона сиёсат мевасидир.

Бу натижаларни янада юксалтириш, соғлиқни сақлашга оид чора-тадбир­ларни янги босқичларга олиб чиқиш зиммамиздаги муҳим вазифадир. Ал­батта, бу борада кўзланган марралар­га етишда замонавий тиббий хизмат, айниқса, бу соҳанинг муҳим бўғини бўлган тиббий-патронаж соҳасининг ўрни янада ортаверади. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, юртимизда кейинги йилларда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, патронаж ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш амалиёти соҳага татбиқ этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрда­ги «Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайти­ришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида патро­наж ҳамширалар иши самарадорли­гини рейтинг баҳолаш тартибига оид қоида тасдиқланди. Унга мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб 85 фоиздан юқори балл тўплаган Қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамширалари маошига 5 фоиздан 20 фоизгача қўшимча ҳақ тўланади.

Албатта, бу имконият 2994 та ҚВПда ишлаётган 17 минг нафардан кўпроқ патронаж ҳамшираларнинг ўз ишига бўлган муносабати ва меҳнат сама­радорлигини, пировардида тиббий хизмат сифатини юксалтириш омили бўлаётир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томо­нидан ўрта тиббиёт ходимлари ушбу янги йўналиш бўйича тўлақонли фао­лият юритиши учун барча шароитлар яратилаётир. Жойларда янги тизим олдида турган вазифалар, йўналишлар бўйича ҳудудий семинар-тренинглар ўтказилди. Орттирилган илғор тажри­баларни оммалаштириш, янгиликларни тўлиқ ўзлаштиришда ходимларга ус­лубий-амалий кўмак беришга асосий эътибор қаратиляпти.

Албатта, янгича тизимда ишлаш учун фақат ҳамширанинг саъй-ҳаракати етарли эмас. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш тизимининг ташкилотчила­ри, умумий амалиёт врачлари, олим ва моҳир мутахассисларнинг ишти­роки ҳам муҳимдир. Шу боис, патро­наж ҳамширанинг кунлик иш режаси, аҳоли орасида олиб борилаётган патро­наж иши йўналишларини белгилашда умумий амалиёт врачлари ва тиббиёт муассасаларининг раҳбар ҳамда му­тахассислари фаол иштирок этяпти. Шунингдек, патронаж тадбирлари жараёнида аниқланган камчиликлар­ни бартараф этишда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа нодавлат ташкилотлар билан бирламчи тиббий-профилактика муассасалари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳам ўз са­мараларини бераётир.

Шу ўринда патронаж ҳамширанинг иш жараёнига қисқача тўхталсак. Юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ, патронаж ҳамшира бир кун­да олтита, бир ойда 144 та хўжаликка патронаж уюштириши белгиланган. Парваришга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа шу тоифага кир­ган шахслар, ҳомиладорлар, бир ёшга тўлмаган болалар, ногирон болалар, яқинда фарзанд кўрган аёллардан ҳар ойда бир марта хабар олиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ёш оилалар, фертил ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирларни ҳам ўз вақтида кузатиб бориш, аҳолини тиббий профилактика кўригига, бола­ларни эмлашга тўлиқ қамраб олиш, эмлаш натижаларини кузатиб бориш, оилаларга тиббий маърифат тарқатиш муҳим вазифадир. Албатта, бу юмуш­лар бир қараганда осон, оддий ишдек туюлади. Бироқ, унинг моҳиятига назар солинса, мураккаблиги, мутахассисдан катта масъулият, билим, тажриба, фи­дойилик талаб этиши намоён бўлади. Патронаж ҳамширалар ишини рей­тинг баҳолаш тизимини жорий этиш­дан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу масъулиятли вазифани тўла рўёбга чиқариш, уни муваффақиятли бажара­ётган моҳир мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатини қадрлаш, тиббий ёрдамни ривожлантиришдир.

Мазкур қарор ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар йилнинг биринчи чораги якуни бўйича умумлаштири­лади. Ўйлаймизки, натижалар чакки бўлмайди. Чунки, ҳар бир тиббиёт ходими, айниқса, ҳамшираларимиз тиришқоқ, ўз ишини севадиган, янги-янги ютуқлар сари интиладиган ин­сонлардир. Албатта, уларнинг бундай хислатлари катта-катта ютуқларга за­мин яратади.

Бироқ, ҳаёт камчиликсиз бўлмайди, деганларидек, янгиликни ўз вақтида ўзлаштиришга эриша олмайдиган, ислоҳотлар талабига тўлиқ жавоб бера олмайдиган патронаж ҳамширалар ҳам учраши мумкин. Бундай вазиятда, энг аввало, уларга бу борада услубий-амалий кўмак бериш, ҳар томонлама ёрдамлашиш, малакасини ошириш кўзда тутилган. Шунда ҳам ўз ишига совуққонлик билан қарайдиган, маса­лан, 55 фоиздан кам балл жамғарган ҳамшираларга қонунда белгиланган тартибда чора кўриш, ҳатто, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин. Бундай ҳолатлар учрамаслигига ишон­чим комил. Чунки, ўрта тиббиёт хо­димлари ўз вазифасига сидқидилдан ёндошувчи мутахассислардир.

Уларнинг бундай интилишини қўллаб-қувватлаш, иш фаолиятида кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва­зирлиги томонидан Саломатлик ва тиббий статистика институти ва бошқа илм-фан марказлари олимлари ҳамда мутахассислари ҳамкорлигида ҚВП ва оилавий поликлиника патронаж ҳамшираларига услубий кўмак бериш мақсадида махсус қўлланмалар яра­тилган. Айни пайтда бу ишларни из­чил давом эттириб, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ишлаёт­ган ўрта тиббиёт соҳаси ходимлари учун шундай манбалар яратиляпти. Ўйлаймизки, бу ишлар ўрта тиббиёт ходимларига ўз фаолиятини ривожлан­тириш, салоҳиятини намоён этиш, эл орасида обрў-эътиборини янада юк­салтириш, патронаж хизматини янада юксалтиришда ўзига хос кўмак бўлади.

Фурқат Санаев,

 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати бошлиғи.


© Все права защищены 2026г. E-mail: journal@medicalexpress.uz