Бебаҳо бойлик қадри
“Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”.

Давлатимиз раҳбарининг 1994 йил 2 май куни Ўзбекистоннинг биринчи давлат мукофоти – “Соғлом авлод учун” орденини топшириш маросимида айтган ушбу сўзлари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб берди.
Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши ва унда “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари масъулиятини янада кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш, поликлиникаларни замонавий ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, аҳоли ўртасида мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини тушунтириш учун кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борада 280 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилда 1500 та операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини қадрибарпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу, ўз навбатида, оналар ва болаларга юқори технологияли малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, чақалоқлик давридан 18 ёшга тўлгунига қадар болаларга кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, нефрология, онкология ва бошқа ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, болалар ўлими ва ногиронлигини камайтириш имконини беради. Қишлоқ жойларда замонавий тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий-санитария ёрдами, ногирон болаларга реабилитация хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ногиронлиги кўрсаткичларини камайтириш мақсадида уч вилоятдаги (Самарқанд, Гулистон, Урганч шаҳарлари) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, 38 та туман тиббиёт бирлашмасининг бўлимлари ва туғруқ мажмуаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 11 та оилавий поликлиника ҳамда 244 та қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Бундан ташқари, Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказининг 100 ўринга мўлжалланган даволаш ташхис қўйиш корпусини қуриш ва жиҳозлаш, Хоразм вилоятидаги болалар силга қарши санаториясини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишларни жуда кўп мисолларда эътироф этиш мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлигини, уларнинг эзгу орзулари ушалиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилганлигини англатади. Асосийси, бу ишларнинг барчаси фуқаролар учун, аҳолимиз саломатлиги, айниқса, келажагимиз пойдевори бўлмиш фарзандларимиз соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ҳар куни ва ҳар соатда соғлом, баркамол авлодни шакллантириш йўлида мислсиз ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли, аниқ мақсадга йўналтирилган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётган, чуқур ўрганилаётган ҳақиқатдир. Бу Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган ҳаётий тамойилнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.
Фурқат Санаев,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.