Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг тиббий таъминоти
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинар марказий газеталар журналистларига мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчиларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни даволаш ва қисқа муддатлар ичида жанговар қобилиятлари тикланишига йўналтирилган тиббий таъминот борасидаги ўзгаришлар билан батафсил танишиш имконини берди.

– Давлат мустақиллигини, аввало, унинг армияси ҳимоя қилиши лозим, – деди Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев. – Биз ҳам ҳарбийларимиздан журналистларга Қуролли Кучларимизнинг мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашдаги роли ва аҳамияти ҳақида гапириб беришни илтимос қилдик. Журналистларимиз эса, ўз навбатида, мазкур семинарда олган маълумотлардан фойдаланиб, жамоатчиликни армияда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни ватанпарварлик ва мардлик руҳида тарбиялаш борасида қилинаётган ишлар билан таништирадилар.
Дунё харитасида янги суверен республика – Ўзбекистон пайдо бўлганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, аммо мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлидан ишонч билан олға бормоқда. Шу жумладан, мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш борасида ҳам улкан муваффақиятлар қўлга киритилди.
– Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг узоқ муддатли комплекс дастурини босқичмабосқич амалга ошира бориб, – деди семинарда сўзга чиққан Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчиси подполковник Искандар Маллаев, – биз Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ватанимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қодир бўлган профессионал, ихчам ва ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши тайёргарликка эга бўлган армияни шакллантирдик.
Семинар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлар Бирлашган штаби офицерлари, Қуролли Кучлар Академияси ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти профессор ва ўқитувчилари журналистларга мустақиллик йиллари мобайнида мудофаа доктринаси ва миллий хавфсизлик концепцияси асосида яхши таъминланган, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан жиҳозланган армияни шакллантириш босқичлари ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.
Лекция ва мунозараларда армиямизнинг турли таҳдид ва хатарларга, жумладан, халқаро терроризм, диний экстремизм, наркобосқинчилик, оммавий қирғин қуроллари тарқалишига қарши курашда эришган тажрибаси кенг муҳокама қилинди. Уларда нафақат офицер кадрлар ва сержантлар тайёрлаш ва малакасини
ошириш тизимини яратиш борасидаги ишлар, шу билан биргаликда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва, албатта, уларнинг тиббий таъминоти тўғрисида фикрлар билдирилди.
Семинарда маълум қилинишича, сўнгги йиллар давомида ҳарбий госпиталлар, лазаретлар ва поликлиникалар учун беморларни сифатли тиббий текширувдан ўтказувчи замонавий аппаратлар, хусусан, даволашнинг энг янги услубларини амалиётга жорий этиш имконини берувчи рақамли рентген мажмуалари, гастрофиброскоплар, стоматология жиҳозлари, диагностика, наркоз ва физиотерапевтик ускуналар харид қилинди.
Журналистлар, шунингдек, муддатли хизмат ҳарбий хизматчиларининг дастлабки ва кейинги тиббий текширувлари, тиббий кўриклар, чуқурлаштирилган врач текшируви, диспансер кузатувлари қандай олиб борилаётгани ҳакидаги маълумотларга эга бўлдилар. Ва миллий армиямизда олиб борилаётган барча ишлар
ҳарбий тиббиёт сифатини такомиллаштириш, унинг туб мақсади бўлган ҳарбий хизматчилар саломатлигини сақлаш ва янада мустаҳкамлаш ҳамда
қўшинларнинг доимий шайлигини қўллаб-қувватлаш вазифасини ҳал қилишга йўналтирилганига шахсан ишонч ҳосил қилдилар.
«Medical Express» мухбири.
Суратда: подполковниклар Лутфулло Сатторов ва Али-
паша Аҳмедов журналистлар билан суҳбатлашмоқдалар.
«Medical Express» мухбири суратга олган.