Устувор мақсад — замон талабларига мос ишлаш
Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда.

Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Яъни, ушбу тизимнинг ҳар бир бўғини ва йўналиши ўз фаолиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида қўйилган талабларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур.
Биргина аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларни олиб қарайлик.
Ўтган йилнинг 31 октябрида бу йўналишда тарихий ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Хўш, ўтган даврда ушбу қарор амалиётга қандай жорий этилди? Кўзда тутилган вазифалар кўнгилдагидек амалга оширилмоқдами? Энг муҳими, аҳоли учун, халқ учун қандай қулайликлар яратилди? Қуйида ана шу хусусида гап боради.
Тарихий аҳамиятга эга ҳужжат
.jpg)
Ҳабибулло Жалилов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи:
— Давлатимиз раҳбарияти томонидан маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Хусусан, мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида атиги иккита корхона томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 145 та фармацевтика корхоналари томонидан 2100 дан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Аммо бу рақамларнинг ўзи фахрланиш ва ғурурланиш учун етарли эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бу хусусда бир неча бор тўхталиб, арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздорлигимизни ва бу қарзни узиш вақти келганини таъкидлади.
Айни шу мақсадда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори даволаш-профилактика муассасаларини аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни даволашда қўлланиладиган юқори самарадорликка эга бўлган сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашга қаратилган.
Тан олиш керакки, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлаш, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетиши ҳолатлари йўқ эмас. Бугун аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ушбу салбий ҳолатларга йўл қўйилмайдиган энг қатъий чораларни кўриш, дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилишини таъминлаш юзасидан кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларни соғлиқни сақлаш тизимидаги дорихоналар, даволаш-профилактика муассасалари ва хусусий дорихоналарга етказиш бўйича жойларда семинарлар ўтказилмоқда. Мулоқотларда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида ахборот берилаётир.
Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча беш ярим мингдан ортиқ дорихона ва уларнинг филиалларида «Истеъмолчилар бурчаги» ташкил этилиб, унда барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарурий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари, шунингдек, сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали осиб қўйилиши таъминланмоқда.
Шуни ҳам айтиш керакки, тиббиётда кенг қўлланиладиган 340 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Энг муҳими, улардан 116 турдаги дори-дармонлар ӯзимизда ишлаб чиқарилаётганлиги билан яънада аҳамиятли бӯлмоқда. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан белгиланади, яъни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун нарх дунё конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ҳар чоракда эълон қилинади.
Ўз навбатида, юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга қатъий жазо қўлланилади ва ҳатто лицензиясини бекор қилиш кўзда тутилган.
Умуман олганда, ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради.
Мақсад моҳиятни белгилайди
.jpg)
Мирзоҳид Қодиров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси масъул ходими:
— Замон шиддат билан ўзгармоқда. Бугун одамларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ошиб бораётгани
айни ҳақиқат. Халқимиз тиббий маданияти юксалгани сайин илм-фаннинг сўнгги ютуқларига асосланган малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишни истаяпти. Бу соғлиқни сақлаш тизимининг барча тармоқ ва жабҳалари қатори, аҳолини дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимига ҳам бевосита дахлдор масала.
Шу боис биз, соҳа ходимлари ана шу талаблардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизни янгича асосда давом эттиришимиз зарур. Бугунги ҳолатни таҳлил қилар эканмиз, соҳада зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжудлигини кўришимиз мумкин.
Авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур.
Давлатимиз раҳбарияти томонидан эркин иқтисодий зоналарда ташкил этилаётган барча ишлаб чиқариш корхоналари қатори фармацевтика корхоналарига ҳам имтиёзлар берилиши соҳа ривожига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги «2016–2020 йилларда республикада фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида» ги қарорига асосан, 2020 йилгача бўлган даврда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича жами 67 та инвестицион лойиҳалар ижроси режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани, Сирдарё вилоятида эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётганлиги, шубҳасиз, маҳаллий фармацевтика саноатининг янада ривожланиши, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий бумларнинг тури ва ҳажмларининг ошиб бориши ҳисобига аҳоли дори таъминотини янада яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда чет эл инвесторларига яратилган қулайликлар, шу жумладан, берилган имтиёзлар натижаси ўлароқ, фаолият кўрсатаётган 26 та корхонадан 5 таси четэл корхоналари ва 21 таси чет эл етакчи фармацевтика корхоналари билан ташкил этилган қўшма корхоналардан иборатдир.
33 та корхона фаолиятига халқаро ISO 9001 ва 9 та корхонага GMP стандартлари жорий этилганлиги эвазига бугунги кунда фармацевтика саноатининг 100 га яқин турдаги маҳсулотлари халқаро фармацевтика бозорига, шу жумладан АҚШ, Франция, Германия ва бошқа Европа мамлакатлари ва МДҲ га экспорт қилинмоқда.
Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Унга асосан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб импорт қилинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси, етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, белгиланадиган чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан амалга оширилиб, улгуржи савдо учун — сотиб олиниш нархидан 15 % дан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун — улгуржи нархидан 20% дан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилиши белгиланди.
Дори-дармон нархи қанчага арзонлашди?
.jpg)
Муҳаббат Ибрагимова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи:
— Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатишни тиббий воситаларсиз амалга ошириш мумкин эмас албатта. Аммо мазкур беминнат кўмакчи аҳолидан юқори тиббий саводхонликни, тиббиёт ходимидан эса сезгирликни талаб қилаётганини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, ташхис ва даволаш стандартларини халқаро амалиёт асосида, шунингдек, асосий касалликлар бўйича дори воситаларини рационал тайинлаш юзасидан клиник протоколларни такомиллаштириш, жумладан бир хил касалликларни даволаш учун 2–3 та самарали дори воситаларини қўллашни назарда тутувчи вазифалар қўйилди. Шунингдек, ташхис ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларнинг барча тиббиёт муассасаларига етказилишини таъминлаш, шу жумладан, очиқ ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда уларга риоя этилишини қатъий назорат қилиш белгиланди.
Энг аҳамиятлиси, қарорда ички бозорни сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлақонли таъминлаш, мослашувчан ва шаффоф нархлар механизмини жорий этиш, сифатли дори воситаларининг маҳаллий аналоглари мавжуд бўлган бир пайтда, қиммат чет эл дори воситаларининг номақбул тайинланиш тажрибасини чеклаш ва келгусида бунга йўл қўймаслик каби масалаларга чуқур ўйланган тизимли ечимлар келтирилган.
Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тиббиёт амалиётида кенг қўлланиладиган 340 дан ортиқ номдаги дори воситалари ва тиббий буюмларга тасдиқланган тартибга мувофиқ, жаҳон нарх
конъюктураси таҳлили асосида нарх белгиланади. Дори воситалари ва тиббий буюмлар учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган квоталар бўйича тегишли лицензия фаолиятига эга маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер асосида амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, ташхис ва даволаш стандартларини халқаро амалиёт асосида, шунингдек, асосий касалликлар бўйича дори воситаларини рационал тайинлаш юзасидан клиник протоколларни такомиллаштириш, жумладан, бир хил касалликларни даволаш учун 2–3 та самарали дори воситаларини қўллашни назарда тутувчи вазифалар белгиланган.
Шу ўринда,ушбу қарор аҳолига моддий жиҳатдан қандай манфаат келтиради, деган саволга жавоб сифатида эътиборингизни бир рақамга тортсам. Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 % дан 44 % гача пасайганлигини кўрсатди. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлди.
Албатта, мана шундай ҳаётий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, энг аввало, инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу ҳаракатлар эл саломатлигини асраш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириши, шубҳасиздир.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи
Фурқат Санаев тайёрлади.