“KITOB OLAMI” ХОРАЗМДА
«2017 йил- Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» муносабати билан Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуаси, “O’ZDAVKITOBSAVDOTA’MINOTI” МЧЖ ҳамда “Хоразм Китоб Олами” ҳамкорлигида “АДАБИЁТГА ЭЪТИБОР - МАЪНАВИЯТГА, КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР” шиори остида Урганч шаҳрида 10 кунлик “ОИЛАВИЙ КИТОБХОНЛИК” байрами ўтказилмоқда.

Тадбирда Республикамиз нашриётлари томонидан чоп этилган 1000 номдан ортиқ, 70 мингга яқин ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, бадиий-адабий ҳамда болалар адабиётига доир китоб маҳсулотлари хоразмлик китобсеварлар эътиборига ҳавола этилди. 10 кун давом этадиган сайёр китоб савдо ярмаркаси нафақат Урганч шаҳрида, балки вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда. Тадбир доирасида ҳар бир шаҳар ва туманларда эл ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, шеърият кечалари, китобхонлар учун турли акциялар ўтказиш режалаштирилган.
12 март куни тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими П. Бобожонов, таниқли шоир, драматург ва ёзувчи Қурбонбой Муҳаммадризо, “KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуаси директори Ш.Ахунджанов сўзга чиқишди. Талабаларнинг ифодали ўқиган шеър ва ғазаллари тадбирга ташриф буюрган 1000 га яқин китобхонларда катта таассурот қолдирди. Тадбирнинг биринчи кунидаёқ 3 мингга яқин китоб ўқувчилар қўлига етиб борди.
Таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган китоб савдоси ярмаркасидан кўзланган асосий мақсад, давлатимиз раҳбари томонидан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, Хоразм вилояти аҳолиси, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш ва меҳрни янада оширган ҳолда уларга арзон ва сифатли китоб маҳсулотларини етказиб беришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, тадбир 21 март кунига қадар давом этади.
“KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуаси ахборот хизмати
Сайёра Қосимова
