НАВОИЙ ВА БОБУРНИ МАДҲ ЭТИБ

"KITOB OLAMI" маънавий-маърифий савдо мажмуасида улуғ мутафаккирлар Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмларига бағишлаб "Назм ва наво" номли адабий-мусиқий кеча ўтказилди. Тадбирга таниқли адабиётшунос олимлар филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев, филология фанлари доктори, профессор Насимҳон Раҳмонов ташриф буюриб, буюк мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижоди борасидаги қимматли маълумотларни китобхонларга тарихий далиллар асосида ҳикоя қилиб беришди. Тошкент Маданият коллежи “Анъанавий ижрочилик кафедраси” ўқитувчиси истеъдодли хушовоз хонанда Абдуқаҳҳор Жалилов, созандалар Шаҳобиддин Мирзаев, Нуриддин Қаюмов, Фарруҳ Воҳидов, “Халқ чолғулари” кафедраси жўрнавози Аъзамжон Ибрагимовлар ўзларининг дилбар куй ва қўшиқлари билан кечага жозиба бахш этдилар. Мирзо Улуғбек туманидаги 222-мактабнинг ўқувчилари Навоий ижодидан тайёрлаган баҳру-байт ҳамда рақслари эса барча йиғилган томошабинларда чуқур таассурот қолдирди. Кеча сўнгида китобхонлар орасида буюк мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижодини янада яқиндан ўрганиш, шунингдек, ёшлар орасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ташкил этилган “Зукко китобхон” викторинаси ғолиби 27-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Хожиакбар Мираббосовга ҳамда тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларга мажмуанинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
“KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуаси ахборот хизмати

