ЯНГИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
20 январь куни “Kitob Olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида Нуруллоҳ Остоннинг “Ҳурватан” ҳамда “Чучмомага хат” шеърий китобларини тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирга эл ардоғидаги севимли шоирлар Йўлдош Эшбек, Хуршид Даврон, Неъмат Ҳасан, Турсун Али, Чоршам Рўзиев, Хулкар Аъзам, адабий жамоатчилик вакиллари, Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабларининг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ташриф буюришди. Кечада шоир қаламига мансуб гўзал, мустақил, ҳурватан Ўзбекистонни мадҳ этувчи шеърлар ўқилиб, шеърият мухлислари гўзал сатрлардан баҳраманд бўлишди. Сўзга чиққан шоир: ”Бугун адабиёт аҳли президентимиз томонидан алоҳида қадрланмоқда. Бундай юксак муносабатни билишимиз ва қадрлашимиз, кўрсатилаётган ишончдан янада руҳланиб, энг сара ижод маҳсулларини китобхонлар учун тақдим этмоғимиз лозим” деб эътироф этдилар.
Тадбир барча меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу кундан эътиборан лирик шеърлар, мухаммас, ғазал, достон ва болалар учун эртаклардан ташкил топган ”Ҳурватан” ҳамда “Чучмомага хат” тўпламлари кенг миқёсдаги китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
“KITOB OLAMI” маънавий-маърифий савдо мажмуа матбуот хизмати,
Сайёра Қосимова.