Ru De En

Беқиёс ғамхўрликнинг юксак самаралари

Озодликдан улуғ саодат йўқ. Энг улуғ ва буюк неъматлар, шак-шубҳасиз, фаровонлик, тараққиёт, тинчлик ва саломатликдир. Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида озод ва обод мамлакатимизнинг буюк келажаги барпо этилмоқда. Бу бахтиёрликни бизга Истиқлол туҳфа этди.

 

Эзгу ниятлар ва улкан орзуларни дилга тугиб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш, фарзандлар камоли учун улкан ғамхўрлик кўрсатиш, кексаларни эъзозлаш, пировардида, ҳеч кимдан кам бўлмаган жамият барпо этиш саодатини ҳам Мустақиллик деб аталмиш бебаҳо неъмат туфайли қўлга киритдик. Яқинда биз шундай улуғ ва азиз айёмнинг 24 йиллик шодиёналарини юксак муваффақиятларимиз билан қарши олдик. Ушбу айём ҳар йили бутун халқимизга ва жаҳон аҳлига танлаган йўлимизнинг нақадар тўғрилигини, мустақил тараққиётимизнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини янада теранроқ намоён этади.

Жумладан, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, юртимизда маънан етук ва жисмонан соғлом авлодни камол топтиришга катта эътибор қаратилиб, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу ислоҳотлар натижасида бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача – барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси яратилди. Шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида 10 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий марказлар ташкил этилиб, улар хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология ҳамда эндокринология каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда юртимизда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос тизими яратилган ва бунинг натижасида аҳолига тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Жумладан, энг юқори талаб ва мезонларга мос тарзда ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида буткул янгича тизим шакллантирилди.

Ушбу марказлашган тизим асосида ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жойлардаги 13 та минтақавий филиали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари қошидаги 172 та субфилиал фаолият кўрсатаяпти. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида "103" хизмати станциялари, тез тиббий ёрдам гуруҳлари ҳамда санитар авиацияси хизмати йўлга қўйилган.

Урология, акушерлик ва гинекология, педиатрия, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология каби кўплаб йўналишларда шифокорлар қўлга киритаётган ютуқлар ҳам салмоқли бўлмоқда.

Юқорида қайд этилган 10 та ихтисослаштирилган тиббий марказ ва уларнинг филиаллари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, аҳолига юқори ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга, вилоят ва туман даражасида соғлиқни сақлаш муассасаларига ташкилий-услубий ёрдам кўрсатмоқда. Муассасаларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг касб малакасини ошириш орқали илмий-амалий марказларда ишлаб чиқилган фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишмоқда.

Марказлар ташкил этилганидан кейин ўтган давр ичида улар фаолиятида қатор ижобий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, даволаниб чиққан беморлар сони 2,3, беморларнинг марказларга қатновлари 1,5, диагностика ва даволаш муолажалари салмоғи ҳамда умумий оператив муолажалар сони 2, жумладан, юқори технологияли муолажалар салмоғи эса 2,5, марказларнинг умумий даромади 2,8 мартага ошди. Шунингдек, мазкур ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудий соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг соҳалар бўйича савиясини янада ошириш ҳамда юртимизнинг энг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида соҳалар бўйича долзарб муаммолар, даволаш ва ташхис қўйишнинг замонавий усулларига бағишланган "Маҳорат дарслари" ўтказиб келинмоқда.

 

 

Фарзандлар саломатлиги — энг муқаддас мақсад

Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, она ва бола соғлиғини назорат қилиш, бир сўз билан айтганда, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасидир. Пойтахтимизда 2012 йилда Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумнинг ўтказилгани бу борадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорлигида ўтказилган эди. ЖССТ, ЮНИСЕФ, ЮНФПА ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек АҚШ, Хитой, Россия, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Франция, Финляндия, Швейцария, Чехия, Дания, Жанубий Корея каби қирққа яқин мамлакатдан соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, тиббиёт соҳасида жаҳонда тан олинган машҳур олимлар, халқаро эксперт ва таҳлилчилардан иборат қарийб 300 нафар мутахассис иштирок этган мазкур халқаро анжуманда мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлаб, шундай деган эди: “Биз танлаган соғлиқни сақлаш ­модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди, деб айтишга ­бугун барча асосларимиз бор. Бу ҳақда кўп гапирмасдан, биргина мисол келтирмоқчиман. 1991 йилдан буён ўтган даврда юртимизда одамларнинг ўртача умр кўришини 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўришини эса 75 ёшга узайтиришга эришдик.

Бизнинг тажрибамиз ­соғ­лиқни ­сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доимий ва узлуксиз ­жараён эканидан далолат беради. ­Тиббиёт ҳам илм-фан, ҳам амалиёт ­сифатида мунтазам такомиллашиб ­бормоқда ва бу бизнинг миллий ­соғлиқни сақлаш моделимизда ўз ­ифодасини топмоқда”.

Малакали мутахассислар — давр талаби

Юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш ­масаласи ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишда ­муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Тошкент ­тиббиёт ­академияси қаторида Самарқанд, ­Андижон, ­Бухоро, Урганч ва Нукус каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари фаолият ­кўрсатмоқда. Олий маълумотли тиббиёт ҳамшираларини тайёрлашни ташкил этишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ­шакллантирилди. Мамлакатимиз тиббиёт институтлари “Шарите” ­(Германия), Гарвард (АҚШ), Манчестер (Буюк Британия), Вена ­(Австрия) университетлари клиникалари каби ­етакчи хорижий тиббиёт ­муассасалари, Россия ва ­Украинанинг машҳур марказлари, Япония, Жанубий ­Корея ҳамда бошқа давлатлардаги ­йирик госпиталлар билан яқин ­ҳамкорликни йўлга қўйган.

Мамлакатимизда одамлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган улкан эътибор, авваламбор, бу ­соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётган ­инвестициялар ва маблағларда ўзининг аниқ ­исботини топмоқда. Давлат бюджетида соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланаётган харажатлар улуши 15,7 фоизни, ялпи ­маҳсулотга нисбатан эса 4,1 ­фоизни ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳаётга изчил татбиқ этилаётир. Бунга биноан туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маълумки, фарзандлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар болаларнинг 98 фоизини юқумли касалликларга қарши ҳар йили эмлашни ҳам кўзлайди. Шу туфайли қатор касалликлар, биринчи навбатда, болаларга юқадиган хасталиклар мамлакатимизда кўп йиллардан буён қайд этилаётгани йўқ.

 

Эзгуликка йўғрилган ишлар

 

Мустақиллигимиз шарофати билан эзгу мақсад йўлида жон фидо қилган, аммо орзу-армонларига ета олмаган минг-минглаб аждодларимизни хотирлаш ва қадрлаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айлангани бежиз эмас. Мана, эндиликда бу ўзининг юқори самарасини бераётгани айни ҳақиқат.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда юртимизда 2 миллион 873 минг нафардан зиёд улуғлик ёшига етганлар истиқомат қилади. 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук кексалар шукроналикда хушнуд яшамоқдалар. Улар бизнинг нафақат фахримиз, кўркимиз, бахтимиз, балки бебаҳо бойлигимиз, беминнат ва беназир таянчимиз, юпанчимиз, қувончимиздир. Токи улар сафларимизда биз билан бирга ва ҳамиша эзгу ишларга тайёр, ҳамкор, мададкор эканлар, юртимиз янада тинч ва фаровон бўлаверади. Буни Юртбошимиз ташаббуси билан 2015 йилнинг "Кексаларни эъзозлаш йили" деб номланиши мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 13 октябрдаги "1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони нур устига нур бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийлари соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун йилига бир марта ўзларига мақбул бўлган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул дам олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

— Дунёда энг азиз ва табаррук инсон учун мисли кўрилмаган бундай эътибор, меҳр-шафқат, мурувват, саховат, жаннатмонанд шарт-шароитлар қайда бор, — дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Қоратош” маҳалласида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси Носир Алиев. — Бунинг учун ҳар қанча шукроналар айтсак, озод, обод, тинч ва фаровон кунларимиздан беҳад миннатдор бўлсак арзийди.

Истиқлол, энг аввало, инсон қадр-қимматини янада сарбаланд этди. Каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш халқимиз ҳаётида қадрият даражасига кўтарилди. Кексаларни эъзозлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатиш ўзбекона азалий қадриятларимизнинг амалий ифодаси бўлиб қолмоқда. Номи юқорида зикр этилган фармон ҳамда "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, фахрийларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари янада яхшиланади, хайрли ва савобли ишлар кўлами тобора кенгаяди. Бундан нафақат Ватан, балки кўнгиллар ҳам обод ва шод бўлади, албатта.

 

Истиқболли лойиҳалар

 

Президентимизнинг "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларга янги мазмун бахш этди. Ушбу ҳужжат асосида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ҳамда ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

 — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотига кўра, дунёда диарея касаллигидан ҳар йили 1,8 миллион киши вафот этади, — дейди Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти директори Зулхумор Муталова. — Бундай ҳолатларнинг аксарияти ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиниши билан боғлиқ. Озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри тайёрлаш  овқат ҳазм қилиш тизимидаги кўпгина касалликларнинг олдини олиши мумкин. Чунки икки юздан ортиқ маълум бўлган хасталиклар озиқ-овқат маҳсулотларидан зарарланиш сабабли вужудга келади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича муайян тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада тегишли ҳуқуқий пойдевор яратилган. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг июнь ойида пойтахтимизда "Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари" мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу йирик анжуманда иштирок этган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари, қирқдан ортиқ давлатнинг етакчи эксперт ва ишбилармонлари мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар самарасини юксак баҳоладилар.

 

Халқимиз бунёдкорлигининг ёрқин ифодаси

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу саъй-ҳаракат “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган улуғвор мақсадга қаратилаётганлигига алоҳида урғу берилган. Бу бежиз эмас. Зотан, кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмизки, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ўсиб келаётган навқирон авлодга замонавий таълим-тарбия бериш, бунда энг илғор замонавий усуллардан фойдаланиш, қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартиришга қаратилган интилишлар бугунги кунга келиб ўзининг юксак самараларини бермоқда. Энг муҳими, янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига қарасак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда яшаётган азиз инсон учун эканлиги яққол намоён бўлади. Инсон қадри сарбаланд, манфаатлари устувор саналган юртнинг эса келажаги буюк бўлиши муқаррар.

Бинобарин, Президентимиз ташаббуси билан фойдаланишга топширилган академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази Кардиожарроҳлик мажмуасининг янги биноси ҳам Мустақиллик солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзишга арзийдиган улуғвор ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Бу ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, мутахассисларнинг малакаси ва тажрибаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган, этилмоқда. Чунки бундай марказни бунёд этиш, уни энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш, ноёб жарроҳлик амалиётини бажаришга қодир шифокорларни жалб этиш, пировардида, миллионлаб оилаларга қувонч улашишга эришишнинг ўзи бўлмайди. Ҳолбуки, ҳали-ҳануз дунёда кузатилаётган иқтисодий инқироз манаман деган давлатларни ҳам ҳолдан тойдириб, кўзини тиндираётган бир пайтда, юртимизда эл саломатлигини асрашга беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳар биримизни ғурур билан яшашга, шукрона айтиб, умргузаронлик этмоққа ундамайдими, ахир?!

Бундай даволаниш мажмуаларининг ташкил этилиши, мавжудларининг қайта реконструкция қилиниб, замонавий асбоб-ускуналар, техника ва технологиялар билан жиҳозланиши халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш, диагностика ва даволаш борасидаги юксак ­технологияларни ўзлаштириш ҳамда улардан амалда оқилона фойдаланиш имкониятини ­бераётир. Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида бу борада кенг кўламли ­ишлар амалга оширилаётир — стационар ва амбулатор шароитда ҳар йили минглаб ­беморларга маслаҳат-ташхис ва ­даволаш хизмати кўрсатилмоқда.

Марказнинг ўзида яратилган ишланмалар асосида мураккаб операциялар амалга оширилмоқда. Биринчи навбатда, бу инсон ҳаёти учун муҳим органларни қайта тиклаш жарроҳлигига тааллуқлидир. Бу борада ўткир миокард инфаркти, буйрак томирларининг шикастланиши, қорин бўшлиғи, қўл-оёқ томир тизими касалликлари бўйича ­мураккаб операцияларни амалга ошириш услуби пухта ўзлаш­тирилди, микрожарроҳлик ва кардиожарроҳлик хизматини ­ривожлантиришга эришилди.

— Ёлғиз фарзандим Азиз тўққиз ёшда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан келган Элибой Ҳайитбоев биз билан суҳбатда. — У кейинги пайтларда тез-тез ҳолдан тоявергач, шифокорларга мурожаат қилдик. Мутахассислар ўғлимда туғма юрак нуқсони борлигини айтишди ва ушбу марказга боришни маслаҳат беришди. Мана келдик, ўғлим ҳозиргина операциядан чиқди. Кириб кўрдим, гаплашдим. Рости, боламдан ажралиб қоламанми, деган ўй фикру хаёлимни эгаллаб олган эди. Роса қўрқдим. Шифокорларга раҳмат. Улар фарзандимнинг энди бошқа соғлом тенгқурларидан асло қолишмаслигини айтишди. Буни эшитиб, қувончдан бошим осмонга етди. Бундай яхшиликни ҳеч қачон унутмайман. Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Элни ўйлаб, шундай улуғ ва савоб ишларни амалга ошираяптилар. Азиз бошлари ҳамиша омон бўлсин, дейман...

Марказда орттирилган юрак хасталикларини жарроҳлик усулида даволашда ҳам қувонарли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, Ҳамидулла Абдумажидов раҳбарлигидаги бўлим юракнинг орттирилган нуқсонларини жарроҳлик усулида даволашга ихтисослашган. Ушбу касаллик ревматизм (бод касали)нинг асорати натижасида бирламчи юрак клапанларига зарар етказади. Бунда бир ёки бир қанча клапан фаолияти қисман ёки бутунлай йўқолиши мумкин. Фақат жарроҳлик усулида бажариладиган амалиёт тўла шикастланган клапанларни алмаштириш, уларни тўлиқ таъмирлаш орқалигина беморнинг аҳволини енгиллаштириш ҳамда даволаш имконияти мавжуд. Ушбу йўналишдаги даволаш ишларида ўз вазифасини бажара олмаётган, олиб ташланган клапан ўрнига сунъий клапан ўрнатилиши ҳам яхши самара бермоқда. Пластик усулда клапанни тиклаш билан бирга катталашган юрак камерасининг ремоделлаштириш усулидаги амалиётларни ҳаётга татбиқ этилиши ҳам ушбу бўлим томонидан қўлга киритилган сўнгги ютуқлардан биридир.

Яна бир ютуқ эса кардиожарроҳлик усулида юрак ишемик касаллигини даволаш, яъни аорта-коронар шунтлаш усулидир. Бир неча йилдан буён марказда кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилиб, бу ерда очиқ усулдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди. Марказда аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанлари нуқсонларини бартараф этиш каби ўта мураккаб операциялар амалга оширила бошланди. Ҳозирга қадар марказда 15 дан зиёд ушбу усулдаги операция муваффақиятли бажарилиб, бемор ва унинг яқинларига қувонч бахш этилди.

Наманган вилояти, Поп туманига қарашли Чодак қишлоғида яшовчи Алижон Норматов тўрт нафар фарзанднинг отаси. Унинг ёши 56 да. Юрак- қон томирининг сиқилиши натижасида саломатлиги кескин ёмонлашган Алижон акага ҳам марказнинг тажрибали мутахассислари қайта ҳаёт бахш этди, десак, муболаға бўлмайди. Шифокорлар унинг ҳол-аҳволидан воқиф этиш ниятида бизни палатага бошлаб киришганида, бу ҳақда унинг ўзи шундай деди:

 — Кўзимни очсам, шу ерда ётибман. Дастлаб туш кўраётган бўлсам керак, деб ўйладим. Кейин шифокорлар келиб, вазиятни тушунтиришди. Энди-энди эслаяпманки, иш пайтида ҳаво етишмай йиқилиб қолган эдим. Яқинларим зудлик билан бу ерга олиб келишибди. Мана кўриб турибсиз, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Очиғи, йиқилаётиб, ҳаётдан умидимни узган эдим. Энди эса ҳаммаси бутунлай бошқача. Яшаётганимдан, фарзандларимнинг дийдорини кўраётганимдан хурсандман. Ён-атрофга қаранг, шундай гўзал юртимиз бор. Тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бундай табаррук Ватанда ҳар қанча эзгу орзу- умидлар билан яшасак кам. Ёшларини кифтида тутган, кексаларини эъзозлаган, турмушимизни яхшилаб, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга ўргатган, эл саломатлигини асрашга маҳкам бел боғлаб, туну кун олқиш ва дуоларга қолаётган азиз Юртбошимизга раҳмат!

      Кечагина ҳаётдан умидини узган, энди эса соппа-соғ бўлиб, оиласи бағрига қайтаётган бундай юртдошларимизнинг миннатдорлигини эшитишдан ҳам кўра ёқимли туйғу борми?! Бола-чақасининг ҳузурига ошиқаётиб, шифокорларга қайта-қайта раҳмат айтаётган кишиларнинг бундай дил сўзлари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсатдан мамнунлик, розилик ифодасидир, аслида.

Фурқат Санаев,

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.

© Все права защищены 2026г. E-mail: journal@medicalexpress.uz