Ru De En

МАЛАКАЛИ ВА СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ соҳада амалга оширилаётган давлат дастурлари туфайли янада такомиллашмоқда

Айни кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигини кенг нишонлашга қизғин тараддуд кўрилмоқда. 24 йил неча минг йиллик тарих олдида бир лаҳзадек гап. Аммо, биз учун бу рақам ниҳоятда қимматли аҳамиятга эга. Зеро, истиқлол халқимиз учун ўзликни англаш, жаҳонга юз тутиш, тараққиётга эришиш, демократик давлат, фуқаролик жамияти, фаровон жамият барпо этиш йўлидаги залворли натижаларга эришиш имконини берди.

Халқ соғлиғи – юрт қудрати

 Мустақилликка эришгунимизга қадар бўлган аянчли ҳолатни кўпчилик ёши катталар яхши эслашади. Эскирган жиҳозлар, совуқ ва санитария талабларига жавоб бермайдиган хоналардан иборат тиббиёт муассасаларида ишлашнинг ўзи бўлмас эди. Айниқса, ҳомиладор аёллар ана шундай аҳволдаги шифохонага боришдан кўра, уйида туғишни афзал билиб, бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатлар ҳам кўп учрарди. Ҳатто, янги туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндашувлар мавжуд эди. Яъни бола туғилган заҳоти онасидан ажратилар, натижада гўдакларда ҳар жиҳатдан нуқсонлар пайдо бўларди.

Мустақиллигимиз шарофати билан тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш жараёнида бундай ҳолатлар бутунлай барҳам топди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ­билан 1993 йил мустақил Ватанимизнинг илк ордени – “Соғлом авлод учун” номи билан таъсис этилди. Табиийки, бунинг замирида мустақил мамлакатимизнинг буюк келажагини яратиш, ­миллат генофондини асраш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассам эди.

Президентимизнинг 1998 йил ноябрь ойи­даги Фармони билан Ўзбекистонда ­соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилиниши туфайли тиббиёт, оналик ва болаликни ­муҳофаза қилиш борасида самарали тизим, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос ­миллий модель яратилди. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида бирламчи тиббий-­санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп ­тармоқли тиббиёт марказларидан ­бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган ҳамда шошилинч тиббий марказларигача барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг мукаммал ташкилий тузилмаси шаклланди.

 Қўлга киритилган бундай ютуқлар ҳақида гапирар эканмиз, бу натижаларга ўз-ўзидан эришилмаганини ёдда тутмоғимиз керак. Айтиш жоизки, собиқ тузумдан бизга бошқа соҳалар каби кўплаб тиббий-ижтимоий муаммолар ҳам мерос бўлиб ўтган эди. Қишлоқларда тиббий ёрдам олиш имконияти етишмаслиги туфайли одамлар узоқ йўл босиб туман марказига боришга мажбур бўларди. Бу айниқса, доимий тиббий-ижтимоий эътиборга муҳтож қатлам – она ва бола ҳаёти ҳамда саломатлигини асрашда жиддий муаммолар туғдирганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўша пайтларда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи жуда юқори эди. Истиқлолга эришилган дастлабки йиллардаёқ бу сингари долзарб муаммоларнинг олдини олиш, инсон саломатлигини асраш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ва мазкур йўналишда изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳа ривожига қаратилган қатор фармон ва давлат дастурлари соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишнинг замонавий босқичини барпо этишда муҳим пойдевор бўлди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Натижада ҳатто олис қишлоқларда ҳам аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг юксак тиббий технологияларга асосланган замонавий тизими яратилди.

Ҳозирги кунда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари аҳоли саломатлигини асраш йўлида самарали фаолият юритаётир. ҚВПларда тиббий-профилактика ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий текшириш институти ва илмий-амалий тиббиёт марказларининг уч юз нафардан зиёд олимлари, малакали мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Бир ярим мингдан кўпроқ ҚВПларни намунавий тиббий масканга айлантириш мақсадида етакчи клиникалар ва ихтисослашган марказларнинг мутахассислари амалий ва услубий ёрдам кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартда қабул қилинган «Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, ушбу йўналишда ҳудудлардаги ҚВПларнинг тиббиёт ходимлари фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими эксперимент тарзида жорий қилинди. Ана шундай чора-тадбирлар натижасида қишлоқ аҳолисининг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлиги ошаётир.

Эътироф этиш жоизки, 2009-2014 йиллар давомида 1727 та ҚВПда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, «Саломатлик-2» лойиҳаси доирасида туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари ва ҚВПларда 571 та стоматология кабинети ташкил этилиб, уларнинг бари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Энг муҳими, бугун болалар ва ўсмирларни бошқариладиган инфекцияларга қарши профилактик эмлаш ишлари режа асосида тўлақонли ўтказилмоқда. Бунинг натижасида қизамиқ, қизилча, бўғма, полиомиелит, қоқшол, куйдирги, қутуриш ва “В” гепатити каби юқумли касалликларнинг олди олинаётир.

Мунтазам равишда ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар натижасида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи сезиларли даражада камайди. Янада қувонарлиси, юртимизда камолга етаётган 90 фоиздан ортиқ боланинг бўйи ва вазни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори бу жабҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлаётир. Қирқ банддан иборат мазкур Дастур ижроси учун 205,3 миллиард сўм ва 206,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Унинг ижроси таъминланса, соҳадаги қонунчилик асослари янада такомиллашади. Тиббий хизмат сифатини ошириш, оналар, болалар, ўсмирларга малакали, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани янада ривожлантиришга эришилади.

 

Буюк келажакка муносиб авлод

 

Фахрлансак арзийдиган оламшумул ютуқлар ҳақида сўз юритар эканмиз, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига асосан тиббиёт кадрларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва мутахассисликка йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлар, унинг натижалари ва самаралари хусусида ҳам алоҳида тўхтатиш жоиз.

 Ўзбекистон Республикасида 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, таълим тизимини, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар инфратузилмасини ислоҳ қилишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, қайд этилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига биноан олий тиббий маълумот халқаро стандарт — икки босқичли олий тиббий таълим тизимига ўтказилди.

Масалан, таълимнинг биринчи босқичи — бакалавриатда ўқитишда барча тиббиёт олий ўқув юртлари қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда ишлаши мумкин бўлган умумий амалиёт шифокорларини (умумий педиатр, умумий гигиеначи-эпидемиолог, умумий стоматолог) тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу мамлакатимиз аҳолисига, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Тиббий таълимнинг иккинчи босқичи — магистратурада қатор тор мутахассисликлар (жарроҳлар, кардиологлар, офтальмологлар, юқумли касалликлар шифокорлари ва бошқалар) бўйича шифокорлар тайёрлашни назарда тутади. Бундай мутахассислар соғлиқни сақлаш тизимининг иккинчи ва ихтисослаштирилган бўғинлари, тиббий таълим ва илмий муассасаларда ишлаши учун тайёрланмоқда.

Бунда шифокорлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масаласи тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ҳамда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, ҳукуматимизнинг қатор қарорлари асосида олий ўқув юртларида таълим жараёнининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, талабаларнинг яшаш ва маиший шароитини яхшилаш, янги спорт иншоотларини фойдаланишга топшириш, мавжудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилаётир.

Шу билан бирга, янги педагогик технологиялар ва инновацияларни жорий қилиш давом эттирилмоқда, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, замонавий техник ўқитиш воситалари кенг қўлланилмоқда. Мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари клиник муаммоларни ҳал этишга асосланган модуль таълимини жорий этмоқда. Мазкур технология жаҳон тиббий таълим амалиётида истиқболли ҳисобланади ва мантиқан мустақил фикрлашни ривожлантиришга хизмат қилади. Бу бўлажак шифокорни тайёрлаш жараёнида катта ўрин тутади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан ўқитиш жараёнида барча жойларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни билиш даражасини оширишга оид қарорлар қабул қилинди. Шу маънода, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 Бу ишлар ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Негаки, тиббиёт жадал ривожланиб ­бораётган соҳалардан бири бўлиб, кўп ҳолларда, бугун умумқабул қилинган услуб ва йўналишлар эртага ўзининг долзарблигини йўқотиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, илмий тиббиёт соҳасидаги интернет-ресурсларнинг 80 фоиздан ортиғи инглиз тилидаги манбалардан иборат. Далилли тиббиётдан фойдаланиш, даволаш стандарт­лари ва протоколларини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янгилаш ва ­натижада профессионал дунёқарашни кенгайтиришга пухта ёндашиш инглиз тилини, илмий интернет-маълумотлардан фойдаланишни билишни тақозо ­этмоқда. Ҳозирда профессор ўқитувчиларининг АКТни билиш даражаси 56 фоиздан 87 фоизгача кўтарилганлиги ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бундай ишлар натижасида юқорида қайд этилганлар — мамлакатимиз тиббий олий ўқув юрт­ларининг профессор ва ўқитувчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Шунинг учун педагоглар она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва бошқа касалликларга қарши кураш, мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш соҳасида халқаро ташкилотлар (ЖССТ, ЮНИСЕФ, Глобал фонд ва бошқалар) тавсиялари ҳамда етакчи хорижий давлатларнинг юқори самарали тажрибасини фаол ўрганиб, ўқув дастурларига жорий қилмоқда.

Ҳозирги пайтда олий маълумотли тиббий кадрлар мамлакатимиздаги мавжуд 14 та олий ўқув юртлари орқали амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 22 июлдаги “Тошкент Давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрсида”ги Қарорига асосан Тошкент Давлат стоматология институти ва унинг Андижон, Бухоро, Самарқанд, Нукус шаҳарларида филиаллари ташкил этилди.

 Мамлакатимиз тиббиёт тизимидаги олий тиббий таълим муассасаларида жами 3677 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 431 нафари фан доктори, 1288 нафари эса фан номзодларидир.

Барча фанлар бўйича ўқув-услубий мажмуа электрон ўқув модулларининг инглиз тили нусхалари тайёрланди. Ҳозирда инглиз тилида муаммоли интеграцион маърузалар ўқилмоқда. Талабалар ва ёш олимлар орасида инглиз тилида илмий анжуманлар ўтказиш табиий ҳолга айланиб қолди.

Болалар спорти ва жисмоний-тарбияни юртимизда ривожланиши натижасида спорт тиббиёти мутахассисларига бўлган эҳтиёж ошиб боришини инобатга олган ҳолда “Спорт тиббиёти” магистратура йўналиши мавжуд бўлган Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент Педиатрия тиббиёт институтидан ташқари Андижон, Самарқанд, Бухоро тиббиёт институтлари базасида “Спорт тиббиёти” бўйича янги магистратура йўналиши очилди.

Узлуксиз таълимни таъминлаш мақсадида врачларга 288 соат, фармацевт ва ўрта тиббиёт ходимларига 144 соат ҳажмида ҳар 5 йилда малака ошириш мажбурий тартибда белгиланган. Малака ошириш ишдан ажралган ва ишдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифасини бериш учун ўтказиладиган аттестация жараёнида қўллаш учун икки босқичли аттестация, компьютер-тест ва оғзаки имтиҳонлар тартиби ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда аттестациядан ўтувчи ходимларни масофадан онлайн режимда компьютер-тест синовидан ўтказилади ва иккинчи босқичда юқори малакали кадрлардан тузилган махсус комиссия орқали оғзаки синовлардан ўтказилади.

Шуни ҳам айтиш керакки, соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида 2014-2015 йилларда жами бўлиб 25 докторлик диссертация ҳимоялари қилинди. 2014 йилда – 5та докторлик диссертация ҳимоя қилинган бўлса, жорий йилда – 20та докторлик диссертация ҳимоя қилинди. Унда Жанубий Корея, Германия, Белгия, Россия мамлакатларидан кўплаб оппонентлар иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган грант танлови асосида 2014 йилда илмий-текшириш муассасалари ва олий ўқув юртлари бўйича 142 та илмий-амалий, 4 ташкилотлараро илмий-амалий, 20 та фундаментал ва ёш олимлар грант дастурлари, 20 та инновацион ишланмалар устида иш олиб борилди.

Олинган натижалар ишланмалар кўринишида республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида намойиш этиб келинмокда. Жумладан, 8-Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида вазирликнинг 20 дан ортиқ муассасалари 60 га яқин ишланмаларини намойиш этишди. Бу эса олдинги ўтказилган республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасидагидан бир неча бор кўп деганидир.

 Бугунги матбуот анжуманида ана шу ярмаркада иштирок этиб, ўз ишланмалари билан ғолиб бўлган ёшларимизнинг вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 78 та тиббиёт коллежлари базасида 6 та йўналишда (“Ҳамширалик иши”, “Даволаш иши”, “Фармация иши”, “Тиббий профилактика иши” йўналишига “Тиббий лаборант” ва “Ортопедик стоматология” йўналишларида ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланмоқда.

Юртимизда иқтидорли ёшларнинг замонавий асосда пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида катта ютуқларга эришиши учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Бундай беқиёс ғамхўрликлар самараси интилувчан ўғил-қизларнинг мамлакатимиз ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилаётган нуфузли танлов ва беллашувларда қўлга киритаётган ижобий натижалари мисолида намоён бўлаётир.

Мана, бир неча йилдирки, вазирлик тизимидаги қатор олий ўқув юртлари, хусусан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги табиий фанларга ихтисослашган академик лицей ўқувчилари Халқаро олимпиадаларда қатнашиб, ҳавас қилса арзигулик ютуқларни қўлга киритишмоқда. Мамлакатимиздаги ана шу биттагина акдемик лицейнинг ўзи мана шундай нуфузли жаҳоннинг турли нуқталарида ўтказилган халқаро мусобақаларда жами 26 та медални қўлга киритишгани ҳақиқатан ҳам ҳайратланарлидир.

Ҳақиқатан ҳам, ана шу ёшларимиз ютуғи биз учун энг катта бахт. Барчамиз гувоҳ бўлиб турибмизки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод вакилларининг энг замонавий билим даргоҳларида таълим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун беқиёс имкониятлар яратилмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бизнинг фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайди ҳам!

Фурқат Санаев,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш
вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи.


© Все права защищены 2026г. E-mail: journal@medicalexpress.uz