Ҳар бир бола меҳр ва эътибор оғушида
“Соғлиқни сақлашни яхшилаш биринчи даражали аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш зарур. Бу тармоқ моддий базасининг ниҳоятда қашшоқ эканлиги устига, бизда бу соҳа яхши ташкил этилмаган ва самарали фойдалинилмаётир. Миллатнинг зурриёд фондини, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳалокатдан сақлаб қолиш учун кенг кўламдаги тадбирларнинг катта комплексини амалга ошириш керак бўлади. Муаммо аллақачон вилоятлар доирасидан чиқиб, умумдавлат вазифаси даражасига кўтарилди.”

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов бу фикрларни ҳали мустақиллик қўлга киритилмаган 1990 йил июнь ойида айтган, яъни миллат келажагига дахлдор ўткир муаммоларни ўртага қўйган эди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш бир зарб билан ҳал қилинадиган иш эмас. Бунинг учун йиллар керак бўлади, аниқ мақсадга йўналтирилган стратегик ислоҳотларни амалга ошириш талаб этилади. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли барча қатламлари малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, халқимиз саломатлигини асрашнинг самарали механизмини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари этиб белгиланди.
.jpg)
Мустақиллик Ватанимизнинг илк ордени
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1993 йили мустақил Ватанимизнинг илк ордени “Соғлом авлод учун” номи билан таъсис этилди. Бунинг замирида мустақил Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратиш, миллат генофондини асраш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек улуғвор мақсад мужассам.
«Соғлом авлоди учун» ордени бугун мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни яхшилаш, соғлом авлодни камол топтиришга ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз меҳнатининг юксак эътирофи бўлиб хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ эл соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан етук авлодни тарбиялаш масаласига ана шундай устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида миллий тиббиётимиз тизимига асос бўлган Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш Давлат дастури қабул қилинди. Сўнгра унинг мантиқий давоми сифатида бир қанча умуммиллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди.
Халқимиз ва келажагимиз учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчиллик билан давом эттирилиб, қамрови тобора кенгайиб бораётгани, юксак самаралар бераётгани қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ижроси якунига етказилиб, деярли тўла ҳажмда амалга оширилган ана шу дастурлар асосида бажарилган ишларнинг аҳамияти ва кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.
Бугун Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи вужудга келди.
.jpg)
Соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика даволаш муассасаларигача — барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими вужудга келди
— Биз мамлакатимиз тиббиётида қўлга киритилган, жаҳон миқёсида юксак даражада эътироф этилаётган ютуқ ва натижаларимиз ҳақида фикр билдирганда, уларга замин бўлган омил ҳамда мезонлар хусусида кўп гапиришимиз мумкин, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази бўлим мудири Зайниддин Низамходжаев. — Бироқ бунда, энг аввало, мазкур соҳада узоқни кўзлаб, ўз вақтида қабул қилинган ноёб дастурларнинг ижросига жуда катта куч, меҳнат ва маблағ сарфлангани ҳисобидан юртимиз тиббиётида туб бурилиш ва ўзгаришларга ҳам назарий, ҳам амалий пойдевор яратилганлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Энг муҳими, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар, моҳиятан инсон ва унинг манфаатлари, турмушининг обод ва фаровон бўлишини таъминлаш учун хизмат қилишга қаратилганлиги билан янада қадрлидир.
Бугунги кунда эл саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз кундалик ҳаёти мисолида ҳис этаётгани, уларнинг саломатлиги янада мустаҳкамланиб, умр кўриш давомийлиги ошаётганлиги шундай хулоса қилишга асос бўлмоқда.
Фарзандлари соғлом юрт
Ота-она бўлиш бахти насиб этган ҳар қайси инсон борки, кўзининг оқу-қораси ҳисобланган фарзандининг соғлом ва баркамол, маънан етук, билимли, ақл-заковатли бўлиб вояга етишини истайди. Унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини, фаровон келажагини кўришни ўзининг энг улуғ орзуси, деб билади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда соғлом она — соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, кенг кўламли умуммиллий дастурлар доирасида амалга оширилаётган улкан ишлар ана шундай беғубор ниятлар рўёбига қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.
Шу боис ҳам, Истиқлол туфайли халқимизга хос болажонлик фазилати давлат миқёсига кўтарилди. Президентимиз юксак минбардан туриб айтган «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!» деган пурҳикмат чақириқ бугун миллатимиз шаъни-шиорига айланди. Давлатимиз сиёсати, ҳур ва озод диёримиз бугуни ва эртасини кўзлаб қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти аввало, ёш авлод камолотига қаратилди.
Юртбошимиз бошчилигида фарзандларимиз бахт-саодати йўлида олиб борилаётган тарихий, оламшумул ишлардан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин илк бор таъсис этилган орден бу — «Соғлом авлод учун» ордени эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир йил «Оила йили», «Оналар ва болалар йили», «Соғлом авлод йили», «Ҳомийлар ва шифокорлар йили», «Ижтимоий ҳимоя йили», “Соғлом бола йили” каби муайян номлар билан аталиши замирида ҳам фарзандларимизга, уларнинг баркамол авлод сифатида вояга етишларига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрлик ётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланган 2014 йил – “Соғлом бола йили”да бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жуда катта куч ва маблағ сарф этилди. Барча манбалар ҳисобидан 4 триллион 795 миллиард сўм ва 260 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланганинг ўзи бу борада амалга оширилаётган ишларимизнинг кўлами ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
Айни пайтда юртимизда 6400 нафар педиатр, 1400 нафар неонатолог, 5300 нафардан зиёд акушер-гинеколог, 800 нафарга яқин болалар хирурги ва стомотологлари фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Агар 2005 йилда юртимизда мутлоқ соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йил бошига келиб бу рақам 63 фоиздан ошди.
Кўп бор айтилганидек,биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз.
— Яширишнинг ҳожати йўқ, авваллари пана-пасқам аҳволдаги шифохоналарни кўравериб, кўзимиз ўрганиб кетган эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош акушер-гинекологи Дилбар Нажмуддинова. — Айниқса, аёллар шундай аҳволдаги шифохонага боришдан кўра, уйида туғишни афзал билиб, оқибати эса аянчли якун топган ҳолатлар ҳам кўп учрарди. Ҳатто эндигина дунёга келган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндашувлар мавжуд эди. Яъни бола туғилган заҳотиёқ онасидан ажратилар, натижада гўдакларда ҳар жиҳатдан нуқсонлар пайдо бўларди. Истиқлолнинг илк йилларидан фарзанд тарбиялашда асрлар давомида ўтиб келаётган миллий қадрият — болани, аввало, она сути билан боқиш анъанаси ҳам қайта тикланди.
Чиндан ҳам, шундай. Бизнинг барча эзгу ният, орзу-умидларимиз эртанги кун эгалари бўлмиш фарзандларимиз тақдирига дахлдор. Шу боис ҳам, юртимизда она ва бола соғлиғини муҳофаза этишга, соғлом бола туғилиши, жисмонан ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказишга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, бугун мамлакатимизнинг барча вилоятида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом фарзандларни дунёга келтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундай тажриба жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамаслиги ҳам бор гап.
Махсус давлат дастури доирасида замонавий она ва бола скрининг марказлари тармоғи ташкил этилган 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробардан зиёд камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди. Шу билан бирга, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.
Мамлакатимизда комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайди. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини яққол тасдиқлаб турибди.
Қолаверса, шу йилнинг 1 августида Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ана шу ҳужжат асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Спорт – соғлом бола ва соғлом жамият асоси
Фарзандларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган болалар спортини ривожлантириш тизимини йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугунги ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Фарзандларимизнинг иродаси тобланмоқда, турмуш тарзи, дунё қараши ва тафаккури ўзгармоқда. Спорт одамларнинг оиласига, онгига кирди, турмуш тарзига айланди. Ота-оналар ўзлари болаларини спорт тўгаракларига етаклаб келмоқда.
Куриб турганингиздек,мамлакатимизда бу олижаноб мақсад йўлида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишлардаги ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ана шундай баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Жамғарма ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт объектлари барпо этилди. Улар замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланди. Бу, шубҳасиз, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, ёшларимизнинг жаҳон майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритиши, халқаро миқёсда Ватанимиз нуфузининг янада ошишига замин яратди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 278 болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 61 минг нусха ўқув қўлланмалари, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди.
.jpg)
Жисмоний ва маънавий етуклик – инсоннинг икки қаноти. Спорт танани чиниқтиради, иродани мустаҳкамлайди, мусиқа дидни тарбиялайди, маданиятни оширади. Спорт билан шуғулланган бола ўзига ишонади, санъатга ошно одамнинг дунёқараши кенг бўлади. Бундай ёшлар жамиятни бойитади, ҳеч қачон адашмайди.
“Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, спортга кенг жалб этилмоқда. Бундай хайрли ишлар самарасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони кескин камайди. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.
Барча спорт мажмуалари замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Битта спорт иншоотидан ўртача кунлик фойдаланиш вақти 9,8 соатни ташкил этмоқда.
Ҳа, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли, аниқ мақсадга йўналтирилган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган, чуқур ўрганилаётган ҳақиқатдир. Бу Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган ҳаётий тамойилнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи Фурқат Санаев.