Фарзандлари соғлом юрт
Фарзанд — оила қувончи, юртнинг бебаҳо бойлиги. Унинг маънан ва жисмонан етук, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик зарур. Ушбу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқиб мамлакатимизда “Соғлом она — соғлом бола” миллий модели асосида оналар ва болалар саломатлигини асраш йўлида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш ва даволашга йўналтирилган ишларни янги босқичга кўтарди.
Аҳамиятли томони, унда соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Республика Перинатал марказида ушбу йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар бунинг яққол далилидир.
Мазкур марказда ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланади.
— Тиббий муассасамиз 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда акушерлик, гинекология, туғуруқ, катталар ва чақалоқлар реанимацияси, ҳомиладорлар ва чақалоқлар паталогияси сингари бўлимлар ҳамда унинг қошида республика неонатал хирургия ўқув-даволаш методик маркази мавжуд, — дейди республика Перинатал маркази директорининг ўринбосари Саида Ҳасанова. — Марказда икки ва уч ўлчамли УЗД, СРАП, лапороскопия, фитал доплер, сунъий нафас бериш, вакуум, экокардиомониторинг сингари замонавий ускуналар воситасида нафақат пойтахтимизда, балки, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган беморларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Мисол учун, гинекология бўлимида бепуштликни даволашнинг ноёб усуллари, яъни аёл қорнини кесмасдан юқори технологик операциялар қўлланила бошланди. Шу билан бирга, бир килограммдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар чақалоқларни парвариш қилиш бўлимида буткул соғломлаштирилаётгани бахтиёр оналар сафини кенгайтирмоқда.
— Ҳомиладорлик даврида ўзимга етарлича эътибор қаратмаганим, турли стресслар сабабли болам муддатидан аввал туғилди, — дейди паркентлик Сабоҳат Маҳкамбоева. — Очиғи, унинг яшаб кетишига ҳеч бир умидим йўқ эди. Гўдагим жуда кичкина, нимжон, ҳаракатлари суст, унинг устига ўпкаси яхши ривожланмаган, махсус аппарат ёрдамида зўрға нафас олар эди. Малакали шифокорларнинг зарур кўмаги, парвариши туфайли болам ҳаётга қайтди. Ўн кун ичида вазнимиз ортди, аппаратларсиз нафас оляпти. Яна бир неча муолажалардан сўнг уйга кетишимизга рухсат беришади. Бу ерда кичкинтойим саломатлигини асраш билан бир қаторда менинг ҳам саломатлигимга катта эътибор қаратишяпти. Шундай фидойи инсонларнинг борлигига шукр. Уларга чин юракдан, чуқур эҳтиромимни билдираман.
Бу каби миннатдорлик сўзларини кўплаб келтириш мумкин. Муддатидан аввалги туғуруқлар республикамизда 2003 йилда 3 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 15 фоизга етди. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан замонавий, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани ва улар энг замонавий аппаратлар билан жиҳозлангани гўдаклар саломатлигини муҳофаза қилиш, нонормал ривожланган гўдаклар ўлимининг камайишида муҳим омил бўлмоқда. Тиббиётнинг ўзига хос бундай миллий моделига асосланиб иш олиб бораётган Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилаётгани юртимизда ушбу тизим равнақи йўлида олиб борилаётган одилона сиёсатнинг амалий натижасидир.
Шифо масканининг чақалоқлар реанимацияси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, қайд этиш жоизки, бу ерда ҳар-хил паталогик ҳолатлар билан туғилган чақалоқларга юқори даражада реанимацион ва интенсив ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, турли нуқсонли чақалоқларни жарроҳликка тайёрлаш ва ундан кейинги парвариш ҳам малакали шифокорлар назоратида.

— Ҳар бир муддатига етмай туғилган чақалоқ, энг аввало, ретинопатияга (кўрликка олиб келадиган касаллик, бу муддатидан аввал туғилган гўдакларда кўп учрайди) махсус аппарат ёрдамида текширилади, — дейди чақалоқлар реанимация бўлими мудири, реаниматолог Гулчеҳра Даминова. — Эшитиш қобилиятини аниқлаш учун эса аудиоскрининг ўтказилади. Бу мутахассисдан ўта чуқур билим ва юксак маҳорат талаб қилади. Буни юқори технологиялар кўмагисиз амалга ошириш мушкул. Бўлимимиз энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Масалан, кўп функцияли мониторинг чақалоқнинг тана ҳароратини, қон босимини мунтазам кўрсатиб туради. Сунъий нафас оладиган аппаратимиз эса ташқи муҳитга мослаша олмаган гўдакларнинг бир меъёрда нафас олишларини таъминлаб туради. Аҳволи яхшиланган беморлар чақалоқлар паталогияси бўлимига ўтказилади ва у ерда уларга юқори даражада ташхис ва даволаш ёрдам кўрсатилади.
Қайсики мамлакатда тиббиётнинг гинекология, педиатрия ва неонатология йўналишлари кенг тараққий этган бўлса, айнан ўша ерда соғлиқни сақлаш тизими ривожига юксак эътибор қаратилаётган бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, булар энг мураккаб соҳалар бўлиб, уни тараққий эттириш жуда катта маблағ талаб этади. Мамлакатимизда давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳанинг барқарор фаолиятини таъминлашга йўналтирилаётгани бунда катта ўрин тутади. Чунончи, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар самараси ўлароқ, сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди.
Марказ қошида Республика неонатал хирургия ўқув-даволаш методик марказининг ташкил этилиши амалий ишларнинг маҳсули бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Айни пайтда мазкур марказда гастрошизис (боланинг ошқозон, ичак каби аъзолари ташқарида жойлашган бўлади), пастки ичак тутилиши, қизилўнгач атрезияси, туғма лобар энфезема (ўпканинг бир томони қисман ишламайди), гидронефроз (буйракда сув йиғилиши), аноректал аномалия сингари туғма хасталиклар жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанмоқда.
— Она учун фарзандининг соғлиғи — энг катта бойлик, — дейди фарғоналик Одина Қўчқорова. — Бахтли онаман, қизим Ҳаётхонни бағримга босяпману, бир неча ой олдинги хавотирим, дунё кўзимга қоронғу кўринган дақиқларни эслаб, шукроналар айтяпман. Боламда туғма нуқсон, қизилўнгач атрезияси ташхиси қўйилди, яшаб кетишига ҳеч бир умид йўқ эди. Туғилган заҳотиёқ операция қиламиз, дейишганида, тўғриси, шифокорларга ишонмаган эдик. Чет элга операция қилдириш учун эса катта маблағ керак. Биздан ҳам кўпроқ ташвиш чеккан шифокорлар саъй-ҳаракати билан операция муваффақиятли ўтди. Малакали шифокорларга дуч келганим бахтим бўлса керак. Мана, ҳозир қизим тўққиз ойлик. Соғлом, бошқа болалардан фарқи йўқ. Юрагимнинг бир парчаси — дилбандимни ҳаётга қайтарган шифокорлар олдида бир умр қарздорман.
Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашевни навбатдаги мураккаб операция жараёнидан сўнг суҳбатга тортдик.
— Гувоҳи бўлганингиздек, муддатидан аввал, туғма нуқсон, яъни қизилўнгач атрезияси билан туғилган бир кунлик чақалоқни операция қилдик, — дейди шифокор. — Бу жуда мураккаб операция, катта малака, тажриба, қолаверса, юқори технологияларни талаб қилади. Бу касалликка ўз вақтида ёрдам кўрсатилса, зарур жарроҳлик муолажаси қилинса бундай беморлар кейинчалик соғлом болалардан асло фарқ қилмасдан жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Очиғини айтиш керак, авваллари юртимиз миқёсида бундай хасталиклар билан туғилган болаларда юз фоиз ўлим ҳолати кузатилар эди. Сўнгги ўн йил ичида эса бундай нохуш ҳолатлар 90 фоизга камайди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳага катта эътибори натижасида айни пайтда Ўзбекистонда неонатал хирургиянинг ривожланиши энг юқори босқичга чиқди. Марказда операция хоналари энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Латаскоп, эндоскоп, янги операция столлари операцияларни муваффақиятли якунлашимизда катта ўрин тутади. Айниқса, бир соат ичида жарроҳлик хонасидаги ҳавони ўн маротаба стерилизация қиладиган янги операцион тизим жарроҳлик даволаш ишларига ижобий таъсир кўрсатаётир.
Ҳозирги вақтда марказ мутахассислари хорижий давлатлардаги етакчи клиникаларда малака ошириш, жаҳонга таниқли неонатал жарроҳларнинг тажрибаси билан танишиш имконига эга бўлиб, бу илмий изланишлар олиб бораётган ёш ходимлар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.
— Қизилўнганч атрезияси ва умуман, ушбу турдаги хасталиклар муайян сабабларга кўра, ҳомиладорликнинг дастлабки учинчи ойида юзага келиб, ривожлана бошлайди, — дейди республика неонатал хирургия ўқув-даволаш методик маркази хирурги Шукурали Эшқобилов. — Олиб борилган тадқиқотларга кўра, булар ҳомиладор аёлнинг грипп, гепатит сингари юқумли хасталикларга чалиниши, бундан ташқари, турли стресслар, сурункали буйрак хасталиги, юрак пороги, камқонлик натижасида келиб чиқиши аниқланган. Айни пайтда қизилўнгач атрезиясини ташхислаш ва даволашга бағишланган илмий изланишларни олиб боряпмиз. Ушбу хасталикни даволашда янги усул — анастамоз, яъни қизилўнгачларни бир-бирига улаш кенг қўлланилмоқда. Бу янгилик бир қатор хорижий журналларда чоп этилиб, ўзининг ижобий баҳосини олди. Келгусида бу хасталикни даволашнинг янада самарали усулларини топишимиз, бунинг учун кўпроқ изланишимиз мақсадга мувофиқ. Бунинг учун марказимизда барча шарт-шароит яратилган.
Мухтасар айтганда, бугун тиббиёт соҳасида қўлга киритилаётган ижобий ютуқлар мамлакатимизда аҳоли репродуктив саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самаралари жуда катта эканидан далолат беради. Истиқболда ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, эртамиз эгаларининг ҳар жиҳатдан баркамол инсон бўлиб шаклланишига эътибор қаратиш, бунинг учун яратилаётган имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.