Малакали жарроҳлар тажрибаси даволашдаги самарали натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда
Бу ҳаётда саломатликдан қадрлироқ неъмат йўқ. Зеро, танимиз сиҳат, тўрт мучамиз соғ бўлсагина, яшаш завқини туямиз, умримиз давомида эзгу ишларга ҳисса қўшиш учун интиламиз.

Аммо шуниси ҳам борки, ҳаммаям бирдек тан соғлиғини асраш, қадрлаш лозимлигини кеч бўлмасидан тушуниб етавермайди. Боши ёстиққа теккач, бемор бўлиб хасталикни енгиш зарурати туғилгачгина ўзи ҳақида қайғура бошлайди — шифокорга мурожаат қилиб, даволанади. Яхшиямки, мана шундай мураккаб вазиятда жонимизга оро кирувчи шифокорлар бор. Бугун уларнинг билими, маҳорати ва саъй-ҳаракати сабаб ҳатто энг оғир, сурункали ва асоратли касалликлардан ҳам фориғ бўла оляпмиз. Авваллари фақат хорижга борибгина муолажа қилиш мумкин бўлган жиддий хасталиклар бугун юртимизда, ўзимизнинг қўли енгил шифокорлар, малакали мутахассислар томонидан даволанмоқда. Ва шубҳасиз, буларнинг бари мамлакатимиз cоғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг юксак самарасидир.
Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази ҳам ана шундай беқиёс эътибор самараси ўлароқ, эл соғлиғини асрашга муносиб улуш қўшиб келаётган етакчи илмий тадқиқот масканларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда марказ мутахассислари хасталикларни кечиктирмай аниқлаш, зарурат туғилганида уларни жарроҳлик йўли билан самарали даволаш борасида изчил изланишлар олиб бормоқдалар. Марказда жигар циррози, қизилўнгач, меъда, ўпка, туғма ва орттирилган юрак пороги ҳамда юрак ишемик хасталикларини даволаш учун илғор технологиялар воситасида жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Эътиборлиси, мазкур жарроҳлик услубларининг аксарияти сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида, яъни ўта мураккаб усулда бажарилади.
— Муассасамиз мутахассислар малакаси ва яратилган замонавий шарт-шароитлар бўйича жаҳон миқёсида тан олинган шифо масканларидан бири саналади, — дейди марказ бош шифокори Шуҳрат Ҳошимов. — Тиббий маскан 370 ўринга мўлжалланган бўлиб, йилига олти мингдан зиёд беморга хизмат кўрсатилади ва 4,5 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилади. Фахрланиб айтишимиз мумкинки, мутахассислар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли ёш ва истеъдодли жарроҳларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Шу боис ҳам бизнинг маскан нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки Ҳамдўстлик давлатлари, Марказий Осиё минтақасида ҳам етакчи клиник муассаса ҳамда тиббиётнинг жарроҳлик йўналиши ривожига муносиб ҳисса қўшаётган нуфузли илмий тадқиқот маскани сифатида эътироф этилаяпти.
Марказ ходимлари Россия, Бельгия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Испания, Буюк Британия каби мамлакатларга бориб, хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишмоқда. Ўз навбатида, у ердаги мутахассислар ҳам республикамиз жарроҳлик илмий марказига келиб, юртимиз шифокорларининг услубини ўрганмоқдалар.
— Бир неча йиллик илмий изланишларимиз натижасида кейинги пайтга келиб, юрак ишемик хасталигини жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволашга эришаяпмиз, — дейди марказ шифокори, тиббиёт фанлари доктори Аброл Мансуров. — Хусусан, юрак шоҳ томирлари фаолиятини тиклаш, яъни беморнинг бошқа аъзосидаги соғлом томирни юракнинг хасталанган қон томири ўрнига қўйиш усулини қўллашда самарали натижаларга эришаяпмиз. Бу борада коронарография, эхокардиография, компьютер томографияси, УЗИ ускуналари ва турли лаборатория текширувлари қўл келмоқда. Негаки, жарроҳ қанчалик малакали, билимли бўлмасин, агар унинг иш шароити яхши бўлмаса, замонавий технологиялардан фойдалана олмаса, бундай ноёб жарроҳлик усулларини ҳеч қачон амалга ошира олмайди. Шу боис биз, шифокорлар юртимизда тиббиёт соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътибор туфайли ижобий кўрсаткичларга эришаётганимизни ҳамиша ва ҳар қачон таъкидлашдан чарчамаймиз.
Шифокор ҳақ гапни айтди. Негаки, мамлакатимизда тиббиёт соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, жойлардаги шифо масканларида беқиёс шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, республика ихтисослаштирилган хирургия марказида ҳам маслаҳат-ташхис поликлиникасидан тортиб стационар шароитда даволашгача бўлган босқичларнинг барчасида энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналардан кенг фойдаланилади. Қувонарлиси, айни пайтда марказ қошида янги Кардиохирургия бўлими қурилмоқда. Йил охирига қадар қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган ушбу бўлимда беморлар учун 100 га яқин ўрин барпо этилиб, бу ерда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
... Бухоролик Гавҳар Дурмаматова туғма юрак пороги хасталигидан азият чекарди. Ёш бўлса-да, юрак безовталиги нима эканлигини яхши билувчи Гавҳар марказга даволаниш учун келди-ю, бу ердаги шифокорларнинг хуш муомаласи, улар берган умидбахш туйғудан куч ола бошлади.
— Жарроҳлик столига ётаётганимда қўрқув, ҳаяжон жуда кучли эди ва шу билан бирга дарддан фориғ бўлишимга қаттиқ ишонардим ҳам, — дейди Гавҳар. — Юрагим алдамаган экан, мана, у кунларни кўрмагандай бўлиб кетдим. Турмушга чиқиб, фарзандли бўлдим. Жажжигинамнинг ширин кулгусини эшитганимда, ҳар гал, ҳаётимни сақлаб қолган, менинг шифо топиб, кучга кириб, шундай бахтли кунларга етишимга сабабчи бўлган шифокорларни ичимда дуо қиламан. Ишончим комилки, марказ шифокорларини ҳар дам алқаб яшаётган мен каби юзлаб одамлар бор. Улар оғир дарддан халос бўлиб, қайноқ ҳаёт қучоғига қайтганликлари ҳақи ҳурмати Яратганга шукроналар айтиш билан бирга ўз касбининг фидойиси бўлмиш шифокорлардан беҳад миннатдорлар. Менимча, асосийси ҳам шу. Чунки, элнинг дуосини олиш инсон учун чинакам бахтдир.
Ҳа, ҳақиқий фидойи, ўз ишининг устаси бўлган малакали мутахассис ҳамиша ана шундай эътирофларга сазовор бўлади. Ушбу жиҳатни инобатга олиб, айни дамда марказ маъмурияти шундай ходимлар сафини янада кенгайтириш мақсадида тажрибали жарроҳларнинг иш услубига таянган ҳолда малакали ёш кадрларни камол топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шифо маскани қошида тиббиёт коллежлари ва олий ўқув юртларининг, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг жарроҳлик кафедраси бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Ёш мутахассислар бу ердаги маҳоратли мутахассислардан изчил изланиш, янгича муолажа услубларини амалиётга татбиқ этиш тажрибасини ўзлаштиришаётир. Бу эса тиббиётимизнинг келгусидаги ютуқ ҳамда муваффақиятларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга қодир етук мутахассислар тайёрлашда муҳим омиллардан биридир.
Муборак ОХУНОВА.
