Халқ соғлиғи — энг эзгу мақсад
Бу мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятида ҳам яққол акс этмоқда. «Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади». Президентимиз Ислом Каримов томонидан истиқлолимизнинг илк йилларида айтилган бу сўзлар мамлакатимизнинг истиқболдаги, таъбир жоиз бўлса, тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ўзгаришларнинг бош мақсадини белгилаб берган эди.

Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ эл саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, маънан етук ва жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида дунё миқёсида ноёб модель сифатида эътироф этилган, миллий тиббиётимиз тизимига асос бўлган соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш Давлат дастури қабул қилинди. Сўнгра унинг мантиқий давоми сифатида бир қанча умуммиллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди.
Халқимиз ва келажагимиз учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчиллик билан давом этиб, тобора кенгайиб бораётгани, юксак самаралар бераётгани қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ижроси якунига етказилиб, деярли тўла ҳажмда амалга оширилган бу улкан дастурлар асосида бажарилган ишларнинг аҳамияти ва кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.
Ҳолбуки, бундан 20–25 йил аввал бундай ютуқларни тасаввур қилиш мумкинмиди? Ўрни келганда айтиш лозимки, ўша пайтларнинг жонли гувоҳлари бўлган кишилар расмий маълумотларда «ФАП», «СВА», «СУБ» тарзида қисқартма сўзлар билан ифодаланувчи тиббиёт пунктларининг аччиқ дори ҳиди анқиб ётган хоналари-ю, деворларининг сувоғи кўчиб тушай деб қолган харобаҳол ночор муассасаларни оғир тушдек эсласалар, ажаб эмас. Қолаверса, олий маълумотли соҳа мутахассисларига зориқиб турган бу жойдан кўп ҳолларда беморлар дардига шифо тополмасдан, аянчли азобни бошдан кечиришганлари ҳам ҳақиқат эди.
Хўш, бугун-чи? Бугун Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи яратилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика даволаш муассасаларигача — барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими вужудга келди.
— Биз тиббиёт соҳасида қўлга киритган, барчанинг қизиқишига сабаб бўладиган бундай ютуқ ва натижаларимиз ҳақида сўз юритар эканмиз, уларга замин бўлган омил ва мезонлар хусусида кўп гапиришимиз мумкин, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази бўлим мудири Зайниддин Низамходжаев. — Бироқ, энг аввало, мамлакатимиз тиббиёт соҳасида узоқни ўйлаб, ўз вақтида қабул қилинган ноёб дастурларимизнинг ижросига бемисл куч, меҳнат, имконият ва маблағ сарфлангани ҳисобидан биз юртимизда бу соҳада туб бурилиш ва ўзгаришларга ҳам на зарий, ҳам амалий пойдевор яратилганлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Энг муҳими, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар, моҳиятан, инсон ва унинг манфаатлари, турмушининг обод ва фаровонлигини таъминлаш учун хизмат қилишга қаратилганлиги билан янада қадрлидир.
Тўғри, бугунги кунда эл саломатлиги йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз кундалик ҳаётида ҳис этаётгани, уларнинг саломатлиги янада мустаҳкамланиб, умр кўриш давомийлиги ошаётганлиги шундай хулоса қилишга асос бўлмоқда.
— Яширишнинг ҳожати йўқ, авваллари пана-пастқам аҳволдаги шифохоналарни кўравериб, кўзимиз ўрганиб кетган эди, — дейди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош акушер-гинекологи Дилбар Нажмиддинова. — Айниқса, аёллар шундай аҳволдаги шифохонага боришдан уйида туғишни афзал кўриб, бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатлар ҳам кўп учрарди. Ҳатто янги туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндошувлар мавжуд эди. Яъни, бола туғилган заҳотиёқ онасидан ажратилар, натижада эса гўдакларда ҳар жиҳатдан нуқсонлар пайдо бўларди. Истиқлолнинг илк йилларида фарзанд тарбиялашда асрлар давомида ўтиб келаётган миллий қадрият — болани, аввало, она сути билан боқиш анъанаси ҳам қайта тикланди.
Дарҳақиқат, шундай. Бизнинг барча эзгу ниятларимиз, орзу-умидларимиз эртанги кун эгалари бўлмиш фарзандларимиз тақдирига дахлдор. Шу боис ҳам, юртимизда оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза этишга, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган
«Соғлом она — соғлом бола» дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди.

Ўзбекистон тиббиётининг жаҳондаги эътирофи
Ўзбекистон ўз ютуқлари билан фахрланса арзийди. Халқаро статистика шуни кўрсатмоқдаки, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимининг олдини олиш осон иш эмас.
Бу муаммо кўплаб мамлакатларда, одатда, баландпарвоз гаплару юксак ваъдалар бериш билан муҳокама этилади. Аммо, мавжуд тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, бундай ғамхўрлик сиёсий ирода ва қатъият билан мустаҳкамланмаса, биз ҳеч қачон бу борада тараққиётга эриша олмаймиз.
Ўзбекистонда эса 1991 йилдан буён сиёсий масъулият юксак даражада эканини кўриб турибмиз.
Маргарет Чен,
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори.
Бундан ташқари, бугун мамлакатимизнинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Бундай тажриба жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамаслиги ҳам бор гап.
Махсус давлат дастури доирасида замонавий она ва бола скрининг марказлари тармоғи ташкил этилган 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробардан зиёдга камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, шу билан бирга, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик — хотин-қизлардаги камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.
Мамлакатимизда комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Шу давр ичида юртимиз аҳолисининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайгани тарихий аҳамиятга эгадир. Табиийки, бу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели ҳам қанчалик тўғри ва самарадорлигини тасдиқлаб турибди. Қолаверса, Президентимизнинг шу йил 1 августдаги «2014–2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги Қарори эълон қилиниши билан бу борада олиб борилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди.
Мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган улкан эътиборини янада теранроқ тасаввур қилиш учун қуйидаги баъзи бир рақамларни келтиришни жоиз топдик. Шу ўринда эътиборга молик яна бир далил. Юртимизда 2014 йил мобайнида Инвестиция дастурига асосан қарийб 407 миллиард сўмдан зиёд давлат бюджети маблағи ҳисобидан 137 та замонавий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилади.
Жумладан, бир йил ичида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасида 60 ўринли болалар хирургия бўлими, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида даволаш корпуси каби ўнлаб шифохоналар тубдан реконструкция қилинганлиги тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва кўлами нақадар улкан эканидан далолат беради.
Албатта, соғлиқни сақлаш соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар шулардангина иборат эмас. Ҳозирда бунёд этилаётган замонавий даволаш муассасаларида ноёб технологиялар асосида хизмат кўрсатишга қодир мутахассислар тайёр лашга ҳам катта эътибор қаратиляптики, буларнинг барчаси мамлакатимиз тиббиёт тизимини янги, юксак босқичга кўтариш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Урганч ва Нукус каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда. Яқинда улар қаторида Президентимизнинг шу йил 22 июлдаги «Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори билан яна битта олий ўқув юрти ташкил этилганлиги эса мамлакатимизда етук мутахассислар тайёрлашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини бошлаб берди.
— Биз шифокорлар беморлар дардига малҳам бўлиш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Равшанбек Қурбонов. — Лекин зарур шарт-шароит бўлмаса, бирор натижага эришиш қийин. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан марказимизга энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилганлиги биз учун катта кўмак бўлди. Натижада илгари жарроҳлик амалиёти 6–7 соатга чўзилган бўлса, ҳозир узоғи билан 2 соатда мураккаб операцияларни ҳам муваффақиятли тугатяпмиз.
Дарвоқе, шифокорлар яхши билишади, бундай ўта нозик ва қийин амалиётлар фақат жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакатларидагина мумкин. Масалан, биргина беморнинг тиғсиз йўл билан кўкрак қафасини очмасдан туриб, юрак аритмиясидан халос қилиш учун ўта юқори технология, қимматбаҳо ускуналар билан жиҳозланган махсус жарроҳлик хонаси ва юксак даражада би лимга эга бўлган малакали мутахассислар талаб этилади. Энг муҳими, ҳозирда бу каби юксак мезон ва талабларга асосан ўтказиладиган амалиётлар нафақат пойтахтимиз балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам амалга оширилаётганлиги янада қувончлидир.
Айни пайтда Наманган ва Урганч шаҳарларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини операция қилиш, электр кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янги усуллари йўлга қўйилди. Нукус, Қарши, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Жиззах шаҳарларида эса юрак ҳолатини узлуксиз монитор қилиб бериш амалиёти кенг ўтказилмоқда.
Табиийки, бу мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган улкан ишларнинг бир қисми, холос. Бунга қўшимча қилиб, тиббиётнинг урология, офтальмология, хирургия, травматология ва ортопедия, онкология, стоматология, эндокринология каби кўплаб йўналишларида амалда татбиқ этилаётган диагностика ва даволашнинг мутлақо янги усул ва услубларини, энг замонавий технология ва техникани ҳаётимизга жорий этаётган мутахассисларимиз ҳам борки, очиғи улар эришаётган муваффақият, чиндан-да, ҳайратланарлидир.
Масалан, яқинда ёш онколог олим Дилшод Эгамбердиевнинг илмий изланишлари Францияда бўлиб ўтган 22-халқаро Онкологлар конгрессида АҚШ, Германия, Италия, Япония, Австрия каби ўнлаб давлатлардан қатнашган юзлаб жаҳоннинг энг нуфузли олим ва мутахассислари орасида юксак ўринга лойиқ, деб топилди. Ҳеч шубҳа йўқки, «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз» деган қанотбахш иборани тиббиёт соҳасида оламшумул натижаларга эришаётган мутахассисларимиз фаолиятига ҳам татбиқ этишимиз мумкин.
— Шунга қарамай, тиббиётчиларимиз изланишдан, тажриба ва таҳлиллардан тўхтаётгани йўқ, — дейди республика Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов. — Зеро, мустақиллик йилларида шифокорлик юксак эҳтиромга сазовор касбга айланди. Бундан зиёд қадр ва эъзоз ҳеч бир замонда бўлмаган. Шу маънода, бундан саккиз йил аввал давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида нишонланиши ҳам мамлакатимиз шифокорларининг меҳнатига билдирилган беқиёс ҳурмат ва эҳтиром ифодаси бўлди.
Модомики шундай экан, мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида ҳаётга татбиқ этилаётган бир пайтда бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар бир тиббиёт ходимини янада фаолликка ундайверади. Қолаверса, Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг тажрибамиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доимий ва узлуксиз жараён эканидан далолат беради. Тиббиёт ҳам илм-фан, ҳам амалиёт сифатида мунтазам такомиллашиб бормоқда ва бу бизнинг миллий соғлиқни сақлаш моделимизда ўз ифодасини топмоқда.
Фурқат Санаев.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.