Ru De En

МЕҲРИБОН, ФИДОЙИ, ОҚИЛА

"Биз меҳр муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Қалбимизда неки олижаноб туйғулар бўлса, уларнинг барчаси, аввало, оналаримиздандир. Дунёда муқаддас деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир. Шу боис токи ҳаёт бор экан, инсон мўътабар Она сиймоси олдида доимо бош эгиб, таъзим қилади."

Ислом Каримов.

 

Ҳақиқатан ҳам, аёл зоти тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидойилик фазилатлари мужассам. Бинобарин, юртимизнинг тобора чирой очиб, яшнаб бораётганида хотин-қизларнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги роли ва мавқеи ошиб, мустаҳкамланиб бориш баробарида ҳаётимизнинг барча жамҳаларида улар муносиб ўрин эгаллашаётгани ватанимизда демократик тамойиллар қарор топаётганининг амалдаги ифодасидир. Биз 8 март байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаол меҳнат қилаётган хотин-қиз шифокорларимизнинг айримлари билан сухбатда бўлдик.

 

ИНСОН ҚАДРЛАНГАН ЮРТ

Гулираъно Усмонова, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасининг бош шифокори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси:

 - Мамлакатимизда истиқлол йилларида оила, оналик ва болаликни мухофазалаш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, хотин-қизларни эъзозлаш, уларга меҳр-эътибор кўрсатиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Энг қувончлиси, истиқлол йилларида шифокорлик касби улуғ мартабага айланди. Президентимиз томонидан берилаётган беқиёс эътибор ва  ҳурмат биз тиббиёт ходимларини ҳамиша астойдил меҳнат қилишга ундамоқда. Ўтган йил давлатимиз раҳбари фармонига кўра, менга “Эл-юрт ҳурмати”  орденини берилиши ва камтарона меҳнатимнинг бундай юксак қадрланиши, очиғи, тизимдаги барча ҳамкасбларим, жамоамизга билдирилган ишонч деб биламан. Аслида ҳам бу ишончга муносиб бўлиш, яратилган барча шароит ва имкониятларнинг қадрига етиш бизнинг бурчимиздир.

Шуни ҳам айтишим керакки, бугун ватанимиз тараққиётида, халқимиз эришаётган ҳар бир ютуқ замирида фидойи ва оқила хотин-қизларимиз ғайрат шижоати мужассам экан, буларнинг барчаси Юртбошимиз раҳнамолигида юртимиз хотин-қизларининг мавқеини янада ошириш, уларнинг, жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш каби эзгу ишларни қўллаб қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин самараларидир.

 

СОҒЛОМ ФАРЗАНД, БАХТИЁР ОНА

Мадина Шарипова, Республика Скрининг маркази директори:

- Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан бири. Айниқса, истиқлол йилларида биз, хотин-қизлар юксак қадр топдик. Пойтахтимизнинг Бош майдонида Бахтиёр она сиймосини ифода этган муаззам ёдгорлик, унга Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилганлиги юртимизда аёлларга, оналарга бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Фахрлансак арзийди, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, сиёсий-ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни мухофаза қилиш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг аксариятида аёллар учун янада қулай имтиёз ва шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётнинг фаол ишитрокчисига айлантириш муҳим вазифа қилиб белгиланмоқда. Ушбу ҳуқуқий хужжатларга мувофиқ, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқу ва манфаатларини таъминлаш, турмуш даражасини янада ахшилаш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз миллий тиббиётида мутлақо янги тизимларга асос солинди. Юртимизда бир вақтлар тасаввуримизга ҳам сиғдиришимиз қийин бўлган скрининг ва перинатал каби янги тузилмаларнинг самарали тизими жорий этилди. Ҳозирги кунда ана шу марказлар фаолияти такомиллаштирилиб, оналар ва болаларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётганлиги бугун нафақат юртимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам намуна сифатида эътироф этилаётир.

Бундай ғамҳўрликни жамиятдаги бошқа аёл ва шифокор сифатида мен ҳам кундалик иш фаолиятим асносида, оилавий ҳаётим мисолида ҳис қиламан, юрагимдан ўтказаман. Ўзим раҳбарлик қилаётган республика Скрининг ва унинг жойлардаги филиаллари тўла-тўкис таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуна ва анжомлар билан таъминланмоқда. Энг муҳими, юртимиздаги хотин-қизларга энг керакли бўлган сифатли тиббий хизмат кўрсатилиб, фойдали тавсиялар берилмоқда. Кўплаб туғма нуқсонли болаларни туғилиши олди олинмоқда.

Шуни қайта-қайта эътироф этишни истардимки, бугун аёл меҳнати юксак қадр топаяпти. Эзгулик сари қўйилган ҳар бир қадам муносиб баҳоланаяпти. Ўзимдан мисол: бундан икки йил аввал Президентимиз Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими” унвони билан тақдирландим. Бу эл саломатлигини асраш йўлидаги ҳайрли ишларга кичик бўлса-да, ҳисса қўшиш ниятида қилган меҳнатларимга берилган юксак баҳодир. Мазкур эҳтиром нафақат мени, балки бутун жамоамиз аъзоларини мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларида фаоллик кўрсатиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлида камарбаста бўлишга ундамоқда.

 

БЕҚИЁС ҒАМҲЎРЛИК НАМУНАСИ

Дилфуза Ҳасанова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни мухофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

- Соғлом фарзанд ўстириш, унинг камолини кўриш ҳар бир ота онанинг асл орзусидир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ана шундай эзга ниятлар рўёби учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, ўғил-қизларимизда спортга муҳаббат туйғуларини шакллантириш борасида ўтган йиллар давомида кўлами ва аҳамият жиҳатидан жуда улкан ишлар бажарилди.

Айниқса, Президентимизнинг 1998 йил ноябрь ойидаги Фармони билан дунёда ўхшаши кам бўлган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилиниши туфайли тиббиёт, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида самарали тизим, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос модель яратилди. Албатта, бу каби дастурлар амалий ҳаётимизда реал қадриятга, янгича ҳаёт ва дунё қараш негизига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бугунги кунда бу йўлда изчил олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаларини ҳар бир юртдошимиз ўз кундалик ҳаётида ҳис этаётгани, уларнинг саломатлиги янада мустаҳкамланиб, умр кўриш давомийлиги ошаётганлиги шундай деб таъкидлашга асос бўлади.

Бу ҳақда гапирганда, 2011 йилнинг ноябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини мухофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиум ҳақида эслаш ўринлидир. Ушбу анжуманда дунёдаги 10га яқин нуфузли ҳалқаро ташкилот ва 40дан зиёд давлатдан 300 нафар иштирокчи қатнашди. Уларнинг барчаси мамлакатимизда қабул қилинган миллий дастурлар, юртимизда тиббиёт тизимида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, даволаш муассасаларида бўлиб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш сохасида шаклланган самарали моделни юксак баҳолаб, бу борада тўпланган тажрибаларни бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида тавсия этиш мумкин, деган якдил хулосага келдилар.

Оналик ва болаликни муҳофазалаш, соғлом зурриёдни дунёга келтириш борасида кўрилаётган бу каби кенг қамровли ишлар туфайли мустақиллик йиллари мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими 3 баравар камайди. Очиғи, бундай кўрсаткич бўйича бугун Ўзбекистон нафақат МДХ, балки дунёдаги етакчи мамлакатлар сафидан жой олди.

Маълумотларга қараганда, агар 2005 йилда юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 52,7фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу рақам 62,9 фоизга етди. Дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич     70-72 фоизни ташкил этишини инобатга олсак, унда мамлакатимиз бу масала бўйича ҳам қанчалик юксак ўсиш суратларига эришаётганлигига яққол амин бўламиз. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорлари асосида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Демак, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами янада йил сайин кенгайиб бораверади. Зотан, бу  инсонларга ғамҳўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш мамлакатимизда доимий эътибор марказидаги масала бўлиб қолади, деганидир. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан барча шифокор опа-сингилларимизни табриклайман. Уларнинг ўзи ҳам соғ саломат бўлишларини тилаб қоламан.

 

Суҳбатни Фурқат Санаев ёзиб олди.

 

 

Материал опубликован в журнале «Medical Express» №1 2013. Электронная версия раздела здравоохранение и экология.

 


© Все права защищены 2026г. E-mail: journal@medicalexpress.uz