Инсон соғлиғи – олий саодат
Табобат илмининг султони, буюк аждодимиз Ибн Сино агар чанг ва ғубор бўлмаса, инсон минг йил яшар эди, деган хулосага келган экан. Бобокалонимизнинг бу қанотли ибораси атроф-муҳитни асраб-авайлаш, одамларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва ҳаётдан завқланиб, роҳатланиб яшашга даъват этади.

Албатта, ҳар ким узоқ умр кўришни, бахтли ва саодатли ҳаёт кечиришни, орзу-ниятлари рўёбга чиқишини истайди. Аммо бу истаклар фақат кўнгил хоҳиши билангина амалга ошмайди. Қачонки, инсон қадр-қиммати улуғланса, турмуш тарзимизда соғлом муҳит ҳукмрон бўлса, шундагина умрнинг мазасини тотиш, мазмуни ҳақида сўз юритиш мумкин. Бу ҳақиқатни биз мустақиллик туфайли янада теранроқ англаб етдик. Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш масасласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, бу борада ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида юртимизда–бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори техналогияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва самарали ташкилий тузилмаси яратилди.
Сўнгги ўн-ўн икки йил давомида даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга 750 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда бюджет маблағлари йўналтирилди ва имтиёзли кредитлар ҳамда грантлар жалб қилинди. Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасига қилинган харажатлар 3.6 баровар ўсди ва бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарийб 4,0 фоизни, мамлакатнинг Давлат бюджетида эса 15,7 фоиздан ортиқни ташкил қиляпти.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 1990 йилдагига нисбатан ўртача умр кўриш 67 ёшдан 73 ёшгача ортди, оналар ҳамда гўдакларнинг ўлими тегишли равишда 3,1 ва 3,2 маротабага қисқарди. Аҳолининг, айниқса, сил, гепатит, турли юқумли хасталиклар билан умумий касалланиш даражаси сезиларли равишда пасайди.
Маълумотларга қараганда, агар 2005 йилда юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 52,7фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу рақам 63 фоиздан ошди. Дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич 70-72 фоизни ташкил этишини инобатга олсак, унда мамлакатимиз бу масала бўйича ҳам қанчалик юксак ўсиш суратларига эришаётганлигига яққол амин бўламиз.
Яна бир муҳим натижа шундан иборатки, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда..jpg)
Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
Айтиш керакки, бу кўрсаткичлар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида бизнинг мустақиллик йилларида юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлолдни вояга етказиш борасида қилинаётган қанча-қанча меҳнатларимиз, шу борада эришаётган улкан ютуқларимиз мужассамдир.
Ўтган йиллар мобайнида «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида илгари хатто тасаввуримизга ҳам сиғдиришимиз қийин бўлган скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий амалий марказлари ва уларнинг ҳам жойлардаги филиаллари ҳамда худудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Шу боис ҳам, Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараённинг фаол иштирокчиси сифатида 2000 йилда ўтган Мингйиллик саммитида мамлакатлар олдига қўйилган вазифаларни изчил амалга ошираётгани, уларни бажариш борасида кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчи эканлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу декларация саккизта эзгу мақсадни ўз ичига олади. Энг қувончлиси, мамлакатимиз 2015 йилгача мўлжалланган мазкур тарихий декларация мажбуриятларининг аксарият қисмини ҳозирнинг ўзидаёқ адо этганлиги тарихий аҳамиятга эгадир.
Маълумки, шу йил бошида «Обод турмуш йили» Давлат дастури қабул қилинган эди. Ушбу дастурнинг учинчи бўлимида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантириш, жумладан, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, касалликларнинг олдини олиш, илғор тиббиёт технологиялари ҳамда даволаш усулларини татбиқ этишни кенгайтириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Республика ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу муассасаларда ўрнатилган янги асбоб-ускуналар негизида илғор ташхис қўйиш ва даволаш технологиялари жорий этилади. Бу эса болаларга жаҳон стандартларига мос юқори технологик ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Маълумки, соғлом бола туғилиши ҳамда унинг нормал ривожланишида оналар ва болаларнинг тўғри овқатланиши ғоят муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Ўзбекистонда микронутриент танқислигининг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, яъни истеъмол тузини йодлаш, унни тўйинтириш, темир, фолий кислотаси ва А витаминини саплементация қилиш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили поливитамин комплексларини харид қилиш учун бюджет маблағларини ажратишни кўзда тутадиган Давлат дастурини амалга ошириш доирасида 2013 йилда 400 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёлнинг соғлиғи мустаҳкамланади. Кўкрак сутини эмизиш амалиётини янада кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва қарор топтириш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилишига қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилда туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни «Соғломлаштириш ҳафталиклари» ҳар ойда ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида барча ҳудудлар, айниқса, чекка ва бориш қийин бўлган туманларда мамлакатимиздаги етакчи ихтисослаштирилган марказлар, илмий текшириш институтлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори малакали мутахассислари ва профессорлари хотин-қизлар ҳамда болаларни даволайди ва маслаҳатлар беради. Ўзбекистонда туғма ҳамда ирсий нуқсонларни эрта аниқлашга ёрдам бериш бўйича йўлга қўйилган аёллар ва чақалоқлар скрининг тизимини такомиллаштириш давом эттирилмоқда.
2013 йилда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом она — соғлом бола» ва «Соғлом ёшлар» лойиҳалари амалга оширилади. Биринчи лойиҳанинг мақсади ўсмир қизларга тўғри овқатланиш, гигиена ва камқонликнинг олдини олиш соҳасида тиббий маълумотлар бериш, шунингдек, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни репродуктив саломатликни сақлаш, туғуруққа тайёрланиш ва бир ёшгача бўлган болани парваришлаш масалалари бўйича хабардор қилишдан иборат. «Соғлом ёшлар» лойиҳаси эса ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва сил касаллигининг олдини олишга доир таълим услублари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган. 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўғил-қизлар «Соғлом ёшлар» ҳаракатига тренинг-семинарлар, маслаҳатлар бериш ва ёшлар ижтимоий акцияларини, жумладан, «Биз — соғлом ҳаёт тарзи тарафдоримиз!» республика ижодий танловини ўтказиш орқали кенг жалб этилади.
«Ҳаёт учун! » ассоциацияси ва «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, «Ҳаёт учун» хайрия форум-марафонини ва бошқа ижтимоий акцияларни ўтказиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Европа Иттифоқи/ЮНИСЕФнинг «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш. II босқич.» қўшма лойиҳаси, ЮНФПА, Глобал фонд, KfW банки каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида меҳнат қилаётган 18 минг нафар тиббиёт ходими ўз малакасини оширади. 2013 йилда тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида болаларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш бўйича ЖССТ/ЮНИСЕФнинг замонавий технологиялари ҳамда жаҳон стандартларини жорий этиш лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилади. Буларнинг барчаси юқорида таъкидлаганимиздек мамлакатимизда оналар ва чақалоқлар ўлимини янада камайтириш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини — амбулатория-поликлиника хизмати ва 3200 қишлоқ врачлик пунктларидан (ҚВП) таркиб топган тармоқни мустаҳкамлашга, уларнинг фаолиятида профилактика ишлари устуворлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Обод турмуш йили» Давлат дастурида ҳам аҳолига маслаҳат бериш ва ташхис қўйиш, профилактика ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҚВПлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Мисол учун, «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҚВП, оилавий поликлиникалар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг 5100 нафар шифокори ҳамда 12500 нафар ходимини сайёр курсларда ўқитиш режалаштирилган.
Мамлакатимиздаги энг яхши клиникалар мутахассислари иштирокида шу йил 3-12 июнь кунлари «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» лойиҳасини амалга ошириш орқали энг чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу жараёнда 146 минг киши, шу жумладан, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва пенсионерлар қамраб олинади. Бундан ташқари, йил давомида ҳар бир ҳудудда 200 мингдан ортиқ киши оммавий равишда чуқур тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Шунингдек, дастурда аҳолининг юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Масалан, 2012 йилда кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилган В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази кўз микрохирургияси ва урология марказларида ўта мураккаб ва технологик даражадаги операцияларни ўтказиш кўлами янада кенгайтирилади. Ваҳолонки, бундай операциялар бугун дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам амалга оширилаётгани йўқ.
Соҳа мутахассисларининг касбга оид билимларини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Германия, Италия, Франция, Австрия, Корея Республикаси, Япония, Малайзия, Сингапур, АҚШ, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт марказларида мутахассисларимизнинг тажриба ошириши ташкил этилади..jpg)
Ўзбекистонда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани туфайли мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳудудига карантин қилинадиган ва ўта хавфли инфекциялар кириб келиши ҳамда тарқалишига йўл қўйилмади. Аҳолини, айниқса, болаларни эмлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 2013 йилда Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, 2,5 миллион болани профилактик эмлаш режалаштирилмоқда. Вакциналарни сотиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат режасини, биринчи навбатда, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, ичимлик сув ва очиқ сув ҳавзаларидаги сув сифатини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг лаборатория назорати кучайтирилади, ичимлик сув сифатининг кимёвий ва микробиологик кўрсаткичлар бўйича санитария назорати тизими жорий этилади.
2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида 143 тиббиёт объектини барпо этиш ва реконструкция қилиш, кунига 10145 кишини қабул қиладиган амбулатория-поликлиника муассасаларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларни ташхис қўйиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартларига мувофиқ жиҳозлаш ҳамда қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастурига киритилган бешта инвестиция лойиҳаси асосида умумий қиймати 40,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қилиш ва етказиб бериш режалаштирилган. Шу мақсадда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш давом эттирилади.
Кўриб турганигиздек, мустақиллик мамлакатимизда ҳалқаро андозалардаги тиббий хизмат кўрсатиш асосларини яратиш имкониятини берди. Бундан кейинги тарққиётимиз, шак-шубҳасиз, Ўзбекистон тиббиётини янада барқ уриб ривожлантириш даврини юзага келтиради. Зеро, мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида ҳаётга татбиқ этилаётган экан, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар биримизни янада фаолликка ундайверади. Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз шифокорларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва эътибордан қалбимиз ҳамиша фахр-ифтихорга тўлиб, бу туйғулар астойдил ишлашимизга даъват этаверади.
Фурқат Санаев
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати бошлиғи.