Ru De En

2019 ЙИЛ ҲАМ ТИББИЁТДА ИСЛОҲОТЛАР ЙИЛИ БЎЛАДИ

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли ва самарали тиббий хизмат билан қамраб олиш каби чора-тадбирлар доирасида соҳани ҳар томонлама ривожлантиришга эришилди. Жумладан, ўтган даврда қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этиш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилди ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона марказлашган тизими яратилди, фуқароларга, жумладан, жойларда юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тармоғи такомиллаштирилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қатор мақсадли миллий дастурлар амалга оширилди. Болаларнинг ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида республика ва ҳудудий скрининг марказлари ташкил этилди. Бу каби соҳанинг турли йўналишларида эришилган натижаларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Улкан мақсадлар остонасида 
 
Аммо, шунга қарамай, тизимда кўплаб муаммолар мавжудлиги, шунингдек, замонавий стандартлар асосида соҳани ҳар томонлама ислоҳ қилишни давр тақозо этаётган эди. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» ги фармони муҳим аҳамият касб этди.
Фармон билан тасдиқланган 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб беради.
Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу борадаги ислоҳотлар узоқ йиллар давом этган. Мисол учун, тиббиёти ривожланган Францияда ушбу жараён 60 йил давом этган бўлса, Корея Республикасида бунга 40 йил вақт керак бўлган. Туркия эса бошқа мамлакатлар йўл қўйган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, 10 йил муддатда тиббиёт тизимини ислоҳ қилган. Биз чуқур таҳлиллар ва ўрганишлар асосида 7 йил муддатда, яъни 2019–2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишдек улкан мақсадни олдимизга қўйдик.
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Алишер Шадманов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири

 

Қонунчиликдан тортиб молиялаштиришгача...

Концепция бошқарув тизимидан тортиб молиялаштиришгача, малакали кадрлар тайёрлашдан замонавий технологияларни жалб этишгача бўлган йўналишларни изчил қамраб олган.
Ҳар қандай соҳада бўлгани каби, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда миллий қонунчилик муҳим ўрин тутади. Шу маънода тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти ва ҳимояланганлигини кучайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунларни қабул қилиш орқали такомиллаштириш кўзда тутилган.
Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётлари жорий этилишини таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг «кластер» моделини  шакллантиришга алоҳида урғу берилади. Тиббиёт ва фармацевтика муассасаларини аккредитация қилиш, шифокорлик ва фармацевтик фаолиятни лицензиялаш тизимини жорий этиш ҳам муҳим ўрин тутади. Тиббиёт ташкилотларини мулк шаклидан қатъий назар аккредитациядан ўтказиш тизимининг жорий этилиши барча тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларига, тиббий техника ва ускуналарига бўлган талабни бирхиллаштиради. Натижада у давлат тиббиёт муассасаси бўладими, ёки хусусий ташкилот бўладими, талабга жавоб бермаса, ўз фаолиятини олиб бора олмайди. Фаолиятини тиклаш учун тиббиёт муассасаси томонидан ташланган ҳар бир қадам, бу сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сари ташланган бир қадам демакдир.
Соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича «ҳар бир даволанган ҳолат» учун тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш устувор вазифа ҳисобланади. Мисол учун, авваллари 100 қатновга мўлжалланган поликлиникага шунга яраша маблағ ажратилган. Бироқ, у ерда фаолият самарали бўлаяптими ёки йўқми, маблағ тўғри йўналтирилаяптими, бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Янги тизимда эса аҳоли жон бошига қараб маблағ ажратилади ва поликлиника ҳисобида туради. Агар ўзига бириктирилган аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини таъсирчан тарғиб этса, вақтида  профилактика ишларини олиб бориб, аҳоли саломатлигини самарали ҳимоялай олса, аксарият маблағ поликлиникада қолади. Маблағни поликлиника моддийтехник базасини ривожлантиришга, ходимларни рағбатлантиришга сарфлаш мумкин. Концепцияда акс этган ҳар бир устувор йўналишда ана шундай натижадорликка эришиш мақсад қилинган. 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Мажбурий суғурта — сифатли тиббий хизмат кафолати
 
Мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш ҳам Концепцияда кўзда тутилган бўлиб, бу кўплаб мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.
Биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб, юртимизда мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш зарур, деган хулосага келдик. 2019–2020 йиллар давомида бу борада тайёргарлик босқичи олиб борилиб, тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. 2021 йилдан эса жорий этишни бошлаймиз ва, биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Бунда давлатнинг, иш берувчининг ва албатта, фуқаронинг маблағи, яъни улуши бўлади. Кейинги босқичда бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларни, учинчи босқичда эса барча аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган.
Шу ўринда айтиш керакки, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг мажбурий суғуртасини давлат ўз зиммасига олади, яъни ушбу йўналишда ҳам ижтимоий ҳимоя сақланиб қолинади. Энг муҳими, суғурта туфайли тиббиётда тартиб ўрнатилади, ташхис ва даволаш стандартларини махсус экспертлар назорат қилади. Муолажалар оз бажарилишига ҳам, керагидан ортиқча сарфлашга ҳам йўл қўйилмайди. Мажбурий суғурта тизимини самарали татбиқ этишда ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилгани,  молиялаштириш ва бошқарувнинг тўғри ташкил этилгани муҳим ўрин тутади. 
Мажбурий тиббий суғурта тизимининг ишга туширилиши натижасида мулк шаклидан қатъи назар, малакали тиббиёт ходимига, замонавий тиббий ускуна ва жиҳозларга эга бўлган ҳамда арзон тиббий хизмат мажмуасини таклиф эта оладиган тиббиёт ташкилотларига талаб ошади. Бир сўз билан, бундай ташкилотлар мажбурий тиббий суғурта маблағларига даъвогар бўладиган муассасалар ҳисобланади. Натижада малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларининг ўртасида ҳақиқий соғлом рақобат муҳити шаклланади.
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бу борада халқаро ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Миллий тиббий суғурта хизмати ўртасида юртимизда тиббий суғурта тизимини жорий қилишда ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди. Корея Республикасининг тиббий суғурта тизимини бевосита ўрганиш ва ютуқларини мамлакатимизда татбиқ этиш соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашувига ва аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш тизимини яратишга хизмат қилади.
 
Аҳоли саломатлиги — устувор
 
Тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, бундан ташқари, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, патронаж хизмати ва диспансеризациянинг самарали моделларини яратиш орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва касалликларни профилактика қилишга, дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида масъулият билан ёндашилади. Патронаж хизмати, уйма-уй юриш тизими қайси мамлакатларда бор, улар қандай самара бераяпти? Бу борада дунё тажрибасини ўрганганимизда, Куба давлати эътиборимизни ўзига тортди. Кубада тиббиёт ривожланган бўлиб, уларда аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари ўта юқори. У ерда уйма-уй юриш натижасида касалликлар профилактикаси, уларни эрта аниқлаш йўлга қўйилган бўлиб, касал бўлишга йўл қўйилмайди. АҚШ соғлиқни сақлаш учун аҳоли жон бошига 8553 доллар сарфласа, Куба аҳоли жон бошига қарийб 431 доллар харажат қилгани ҳолда, жамоат соғлиғини сақлашда Америкадан яхши натижага эришмоқда. Биз ҳам уйма-уй юриш тизими асосида профилактика олиб бориш, аҳоли орасида тиббиётга нисбатан мойилликни кучайтириш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш оилавий бюджетга ҳам фойда эканини чуқур тушунтириб борсакгина, одамлар шифокорга мурожаат қилиш кераклигини кўпроқ англаб етишади.
Кўп йиллардан буён юртимизда алоҳида эътибор қаратилаётган тиббий генетикани, аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни ривожлантириш асосида, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, «Она ва бола» ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ва маълумотлар тизимларини шакллантириш асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш соҳа вакилларининг доимий назоратида бўлади. Олиб борилган ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2017 йилда 74 ёшни ташкил этгани, болалар ўлими 3 баробар камайишига эришилгани ҳам юқоридаги вазифаларнинг нечоғлик аҳамиятли эканидан далолатдир.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Соғлом рақобат — юксалиш асоси
 
Давр талабига кўра, хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклиги ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилади.
Бу эса, ўз навбатида, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, аҳолини янада сифатли ва замонавий тиббий хизмат билан қамраб олиш имконини яратади.
Азалдан Тошкент шаҳри, чегара ҳудудларимиздаги шифохоналарда қўшни давлатлар фуқаролари келиб даволанишган. Шифокорларимизнинг тажрибаси ва билими юқори бўлган. Аммо, сўнгги 20–25 йил мобайнида ушбу нуфузни ва афзалликларни бир қадар бой бердик. Сабаби, рақобат муҳитининг шаклланмагани, хусусий тиббиёт муассасаларининг камлигидир.
Эндиликда рақобатни шакллантириш, ихтисослашган тиббий хизматларни ривожлантириш, хусусий шифохоналарни кўпайтиришга жиддий аҳамият берилаяпти. Буйрак, жигар ҳамда ўзак ҳужайралар трансплантациялари амалга оширилмоқда, кардиохирургия жадал такомиллашмоқда. Ушбу ижобий ўзгаришларнинг тиббий туризмдаги аҳамияти жуда катта. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бунга алоҳида тўхталиб, бугунги куннинг талаби бўлган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилгани, кўрилган чоралар туфайли 2018 йилнинг ўзида 400 дан ортиқ хусусий тиббиёт масканлари ташкил этилганини айтиб ўтди.
Тиббиётда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, хусусий тиббиёт муассасалари давлат тиббиёт ташкилотлари билан бир қаторда беморларни даволаш бўйича давлат бюртмаларини олиш имкониятга эга бўлаётгани бир вақтнинг ўзида тиббий хизмат сифатини оширишга, давлат бюджетидаги юкни камайтиришга ва ўз навбатида, хусусий тиббиётнинг ривожланишига катта ижобий таъсир кўрсатади.
Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, нарх шаклланиши механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш ҳам Концепцияда акс этган устувор йўналишлар сирасига киради.
Ҳозирда мамлакатимизда 150 дан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилаяпти. Республикамизда чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар сабабли, йилдан-йилга хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда.
Шунга қарамай, дори-дармон таъминоти, нархи ва сифати борасида қатор камчиликлар учраб турибди. Шу боис, айни пайтда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 млн. АҚШ долларига тенг 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунда Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва туркиялик инвесторларнинг ҳиссаси катта бўлаяпти.
 
Малакали кадрлар ва сифатли хизмат
 
Тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантириш, шу жумладан, тиббиёт илмий ва таълим муассасаларини халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш (аккредитациядан ўтказиш) замонавий таълим дастурлари, усул ва технологияларини жорий этиш асосида тизимни янгича тараққиёт босқичига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Давлат биноларни қуриб бериши, замонавий технологиялар билан жиҳозлаб бериши ҳам мумкин, аммо у ерда ишлайдиган кадрларнинг малака савияси долзарб масала. Шу боис, кадрлар тайёрлашни тубдан ислоҳ қилиш лозим бўлади. Бунда аввало, таълим стандартларини кўриб чиқиш, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янгилаш, хорижда кадрлар малакасини ошириш, чет эллик профессорларнинг юртимизда таълим беришини таъминлаш, нуфузли хориж университетларининг филиалларини ташкил этиш каби кўплаб йўналишлар бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти.
Дарвоқе, «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш ҳам бугунги ахборот технологиялари асрида долзарб аҳамият касб этиши турган гап.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Фаолиятга янгича ёндашув
 
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланиши кўзда тутилган.
Унга мувофиқ, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсати шакллантирилади ва амалга оширилади.
Мазкур фармонга мувофиқ, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ҳам қабул қилиниб, унда соҳа фаолияти ва вазифалари аниқ белгилаб берилдики, бу ҳам бўлса тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилади.
Шу ўринда, кўп минг сонли тиббиёт ходимлари қатори менинг ҳам қалбимни ғурур ва ифтихорга тўлдирган жиҳати, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соҳамизга алоҳида эътибор қаратилиб, соғлиқни сақлаш тизимини 2019–2025 йилларда ривожлантириш концепцияси қабул қилингани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, «Конституциямизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Бу муҳим ҳаётий қоиданинг ижросини таъминлаш — халқимиз генофондини асраш ёки оддий қилиб айтганда, давлат ва жамият тараққиётининг кафолатидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз».
 
***
Муносиб шароит ва муносиб маош муносиб меҳнат гаровидир. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 ноябрдаги «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чоратадбирлари тўғрисида»ги қарори билан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари жорий йил 1 декабрдан 1,2 баравар ошган бўлса, 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар оширилади. Шунга монанд, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, обрўсини юксалтириш, шу билан бирга, замонавий стандартлар асосида шароитларни яратиб бериш бўйича соҳа учун алоҳида Концепция бор. Унинг ижросини таъминлаш, шарафланаётган касбга лойиқ бўлиш эса ўз қўлимизда. Шундай юксак эътиборга ҳамиша муносиб бўлиб юрайлик.
 
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

© Все права защищены 2024г. E-mail: journal@medicalexpress.uz