Ru De En

Соғлом турмуш – келажак пойдевори

Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон экологик ҳаракати, “Medical Express” журнали, “ZAMONA RANO” ва “АESTETICS BEAUTY” маьсулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишланган “Соғлом турмуш – келажак пойдевори” номли амалий акция ташкил этилди.

Тадбирда Экоҳаракат ва унинг “Ёшлар қаноти” фаоллари “Medical-Express” журнали вакиллари, “Боғишамол зиё файз” ва “Акмал-Наргис – Аббос” фермер хўжалиги ишчилари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.

Амалий акция доирасида ўтказилган давра суҳбатида “Атроф-муҳит муҳофазасига барчамиз масъулмиз”,  “Аҳолини тиббий маданиятини ошириш ва соғлом турмуш тарзи тарғиботида тиббий ННТларнинг ўрни”, “Табиатни асраш  ва аҳолининг экологик маданиятини оширишда ижтимоий ҳамкорлик” мавзуларида маърузалар тингланди.

Таъкидланганидек, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бўлган муносабатлар, инсон саломатлиги, айниқса, ўсиб келаётган авлодни жисмоний жиҳатдан бақувват қилиб, фавқулодда рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятларга тайёрлаш масаласи  доимо халқ эътиборида бўлган ва ҳар бир даврда мазкур масалага ўзига хос тарзда ёндашилган.

Маьлумот ўрнида такидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган маълумотларга қараганда, инсон саломатлигининг 10 фоизи тиббий хизматларга, 20 фоизи ирсий омилларга, 20 фоизи атроф-муҳитдаги олдини олиш мумкин бўлган омилларнинг зарарли таъсирига, 50 фоизидан ортиқроғи эса ҳар бир инсоннинг турмуш тарзига боғлиқлиги эътироф этилмоқда. 1948 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташкил топган кундан бошлаб ҳар йили 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади.  

Инсон узоқ ва тинч ҳаёт кечириш мақсадида соғлом, тетик ва бақувват бўлишга, ўз ёшлиги, ҳусни ҳамда ишчанлик қобилиятини сақлашга ҳаракат қилади. Соғлом турмуш тарзи – бунга эришишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Амалий акциянинг иккинчи қисмида юқорида номлари келтирилган ташкилотлар вакиллари иштирокида 180 тупдан ортиқ мевали  дарахт кўчатлари экилиб, кўркам  боғга асос солинди.

Она заминимиз жуда сахий, умид билан суқилган ҳар бир ниҳол бир кун келиб мева беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, атроф-муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш халқимизга хос одат. Атрофимиздаги муҳитнинг экологик ҳолати бир меъёрда бўлишини таъминлашда ўсимликлар оламининг ўрни беқиёс. Ўсимликлар ҳаво, тупроқ ва сувни чанг ҳамда газ сингари турли чиқиндилардан тозалаб, уларнинг ўрнини кислород билан тўлдириб турадиган лабораториядир.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Экоҳаракат томонидан 2010 йилдан буён  ҳар баҳор мавсумида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида  амалий акциялар ташкил этилиб, мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазиб келинмоқда. Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда ерга қадалган ёш ниҳоллар рисоладагидек парваришланиб, кўкка томон бўй чўзмоқда. Яқин келажакда бу навниҳоллар жазирама иссиқдан соя салқини билан, пишиқчиликда шириндан шакар мевалари билан халқимизни баҳраманд этиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш, соғлигини сақлаш, ёш авлодларга қулай ижтимоий, иқтисодий, экологик муҳит яратиш алоҳида ўрин тутади. Ҳашар йўли билан барпо этилган бугунги боғ ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлида ҳамда келажакда нафақат аҳоли дастурхонини шириндан шакар мевалар билан тўлдиради, балки атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда  ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон экологик ҳаракати Матбуот хизмати томонидан тақдим
этилган материаллар асосида “Medical Express”
мухбири тайёрлади. “Medical Express” мухбири суратга олган.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

© Все права защищены 2024г. E-mail: journal@medicalexpress.uz